Урф-одатлар ҳар қандай халқнинг ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Айниқса, тўй ва маъракаларда улар яққол кўзга ташланади. Вақт ўтгани сайин урф-одатларни ҳам замонга мослаб бориш лозимми ёки ибтидоий кўринишда қолдириш керакми? Этнограф Адҳамжон Аширов билан шу хусусда суҳбатлашдик.

— Ҳар бир халқнинг урф-одатлари ва маросимлари миллат қандай эканини кўрсатувчи этник паспорти ҳисобланади. Ўзбекларнинг маросимларини катта уч туркумга бўлишимиз мумкин: Оилавий, тақвимий ва диний маросимлар.

Бу маросимларнинг тарихий ўзагига қарайдиган бўлсак, жамоанинг ўрни нечоғлик муҳим экани кўзга ташланади. Тарозининг бир палласига маросим иштирокчиларининг фикрини яна бир палласига жамоа фикрини қўядиган бўлсак, жамоанинг фикри тош босади.

Чунки аждодларимиз азалдан жамоавий ҳаёт кечирган. Акс ҳолда, бу минтақада ҳаёт кечириш бирмунча оғир бўлган. Вақт ўтиб, турмуш шароити яхшиланиб боргани сари урф-одатлар ҳам жамият ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларни ўзига сингдириб борган.

Лекин сўнгги вақтларда пайдо бўлаётган анъаналарнинг ҳаммасини ҳам мазмун-моҳиятини билмаймиз. Уларни одамларга кўр-кўрона эргашиб амалга оширамиз.

— Бир миллатга тегишли бўлса-да, ҳудудларга боғлиқ ҳолда урф-одатларда фарқ бўлади. Бунда ўша муҳит, шарт-шароит рол ўйнайди, албатта. Ўзбекистон ҳудудида воҳа ва водий тўй маросимларида қандай тафовутлар бор?

— Урф-одатлар шаклланишида нафақат халқларнинг қадриятлари, балки географик жойлашуви ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун Ўзбекистоннинг жанубий қисми— Сурхондарё, Қашқадарёда кўпроқ тўй тантаналари, айниқса суннат тўйи катта эътибор билан ўтказилишини кўришимиз мумкин. Тўй маросимларида минглаб одамларни чақириб улоқ, кўпкари мусобақалари ўтказиш кенг оммалашган.

Бухоро ёки Самарқандда азалий ўтроқ халқларга хос бўлган анъаналар, мисол учун тоғанинг ўрни, келин-куёвнинг ўрни, турли вазифаларни бажарувчи одамларга кўпроқ эътибор беради.

Водий томонларда эса ислом дини билан боғлиқ диний анъаналарга кўпроқ эътибор қаратилади. Тўйларда исломий тарзда эркаклар ва аёлларни алоҳида-алоҳида ўтказиш билан боғлиқ ўзига хос жиҳатларни кўришимиз мумкин.

Буларнинг негизида миллатнинг ўтмиш тарихи, ўзбекларнинг ўтмиши билан боғлиқ турфа хил қарашлар, анъаналар акс этган. Умуман, ўзбек халқининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, тўртта диний-мафкуравий босқичларни босиб ўтган.