2023 йил 20 январ куни «Ўзкимёсаноат» АЖ «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ (халқ тилида Ангрен шина заводи) 100 фоиз улушини Россиянинг «Татнефть» компаниясига 826,57 миллион сўмга сотиш бўйича шартнома тузди

Эътиборлиси, компаниянинг устав капитали 658 млрд сўмни ташкил қилади. Шунингдек, унинг соф активлари қиймати битим тузилишидан олдинги охирги чоракда 2,4 трлн сўм бўлган.

Бунгача заводнинг 91,8 фоиз улуши «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти, 8,2 фоизи эса «Ўзкимёимпекс» МЧЖга тегишли бўлган.

Kun.uz бу ҳолатга изоҳ сўраб «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Матбуот хизмати вакили рақамларда чалкашлик бўлганини айтмоқда. 

«Бу суммани нотўғри киритиб юборишган, бундай бўлиши мумкин эмас, бу масалага ойдинлик киритиляпти», деди компания масъули. 

У сайт мухбирига рақамларни очиқламади.

Хабар нашр қилинаётган вақтда Корпоратив ахборот ягона порталидаги рақамларга тузатиш киритилмаганди.

Маълумот учун, 2022 йил 2 декабрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес форуми доирасида «Ўзкимёсаноат»  ва «Татнефть» ўртасида «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖнинг 100 фоиз улушини сотиш ва сотиб олиш тўғрисидаги шартнома имзоланганди. Ўша пайтда битим нархи очиқланмаган эди. 

Завод ташқи қарз эвазига қурилган 

«Биринчи резинотехника заводи»га 2017 йилда Хитойнинг Poly Technologies компаниясидан қарз маблағлари жалб қилинганди.

2018 йил июл ойидан заводда ишлаб чиқариш жараёни бошланган. Завод 30 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уни қуришдан асосий мақсад биринчи босқичда енгил автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқариш бўлса, иккинчи босқичда конвейер тасмалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган эди. Бу лойиҳанинг маҳаллий ташаббускори «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ҳисобланади.