Ўзбекистон | 11:02 / 12.02.2023
21960
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ҳокимлик ходими пора олаётганида ушланди

Яккабоғ тумани ҳокимлиги ходими қурилиш фирмаси вакилидан тендерда ютиб бериш учун 370 млн сўм талаб қилган. 

Фото: Видеодан кадр

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Яккабоғ тумани ҳокимлиги ходими маҳаллий қурилиш фирмаси вакилидан ноқонуний тарзда 370 млн сўм олган вақтида ушланган.

Маълум қилинишича, мазкур шахс тумандаги иккита мактабгача таълим ташкилотида режалаштирилган 5 млрд 250 млн сўмлик капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳани тендерда ютиб бериш эвазига ушбу сумманинг 7 фоизини талаб қилган. Шунингдек, тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган Яккабоғ тумани мактабгача таълим бўлими ходими ҳам ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид