Россия диверсия содир этиш учун Нидерландиянинг энергетика тизими ҳақидаги маълумотларни яширин равишда тўплаган. Бу ҳақда 20 февраль, душанба куни Ҳаагадаги Қиролликнинг Ҳарбий разведка ва хавфсизлик хизмати (MIVD) маълум қилди.
Нидерландия разведка хизмати маълумотларига кўра, бир неча ой олдин Шимолий денгизда шамол генераторлари парклари ҳақида маълумот йиғган Россия кемаси пайқалган. MIVD бошлиғи Ян Свилленснинг сўзларига кўра, кеманинг ҳаракатлари «зарар ва диверсияга тайёргарлик» эди. Соҳил хавфсизлик хизмати ва Нидерландия ҳарбий-денгиз кучлари айғоқчи кемани ўз вақтида топиб, уни бурилишга мажбур қилди, деди у.
Свилленснинг сўзларига кўра, Россия ҳали ҳам Шимолий денгиздаги инфратузилмага оид маълумотларга «жуда қизиқиш билдирмоқда». Хусусан, гап денгиз ости бўйлаб ётқизилган интернет кабеллари ва газ қувурлари ҳақида бормоқда. «Бу Нидерландияга таҳдид кўпчилик ўйлагандан кўра кўпроқ эканлигини аниқ кўрсатмоқда», деди қироллик ҳарбий разведкаси раҳбари.












