Жаҳон | 09:22 / 01.03.2023
5637
2 дақиқада ўқилади

АЭХА: Эрон бойитилган уран бўйича лимитдан 18 марта ошиб кетди

Агентлик маълумотларига кўра, Эрон 3,7 тонна бойитилган уран захирасини тўплаган. Бундан ташқари, АЭХА ядровий бомба яратиш учун деярли етарли даражада бойитилган уран зарраларини топди.

Фото: EPA

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Эронда ядровий келишувда кўрсатилганидан 18 баробар кўп бойитилган уран борлигини аниқлади. Бу ҳақда 28 февраль, сешанба куни АЭХА ҳисоботига таяниб, AFP агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Эрондаги бойитилган ураннинг умумий миқдори ҳозирда рухсат этилган максимал 202,8 килограмм кўрсаткич ўрнига 3,76 тоннани ташкил этади. АЭХА инспекторлари, шунингдек, Эрон ядро иншоотида рекорд даражадаги 83,7 фоизга бойитилган уран зарраларини топди, бу деярли ядровий бомба ишлаб чиқариш учун етарли. Ядро қуролини яратиш учун 90 фоиз бойитиш керак, деб ёзади AFP.

Ҳисоботда таъкидланганидек, АЭХА ва Эрон бу зарралар қаердан келганини ҳалигача муҳокама қилмоқда. Теҳрон 60 фоиздан ортиқ бойитишни инкор этиб, бойитиш жараёнида «бехосдан тебранишлар» келиб чиққанини билдирмоқда. АЭХА бир неча бор Теҳронни уран бойитиш жараёнини тезлаштирганликда айблаган.

Эрон аввалроқ мамлакатда уран бойитиш даражаси 84 фоизга етгани ҳақидаги даъволарни очиқчасига рад этган эди. Ислом Республикаси Атом энергияси ташкилотининг расмий вакили Беҳруз Камолвандий бу хабарларни «фактларни бузиб кўрсатиш» деб атади. Теҳрон ҳозиргача «уранни 60 фоиздан кўпроқ бойитиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаган», деди у.

2015 йилда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия ва Эрон Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолаган эди. Томонлар ядровий қурол яратишдан бош тортиш эвазига Теҳронга қарши санкциялар қўлламасликка келишиб олдилар. Шартнома, шунингдек, уранни бойитишни чеклашни ва АЭХА инспекторларининг мамлакатдаги барча ядровий иншоотларга киришини ҳам назарда тутган.

Мавзуга оид