Интернетда 8 март кунидан магнит бўронлари бошланиши, 25 мартга қадар 3-4 балл атрофида кузатиладиган геомагнит тебранишлари 26 март кунига келиб, хавфли 7 баллга етиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Kun.uz бу хабарларнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлиги ва магнит бўронларининг оқибатлари билан қизиқди. 

Бу фикрлар қанчалик асосли?

"Ўзгидромет" ходими Эркин Абдулаҳадовнинг Kun.uz'га маълумот беришича, магнит бўрони прогнози телескоплар ва космик йўлдош маълумотларини таҳлил қилишга асосланган. Шу билан бирга, қуёш тожининг мавжуд пайтдаги реал ҳолати, қуёш фотосферасидаги жараёнлар чуқур таҳлил қилинади. Энг аниқ прогнозлар кейинги икки кунлик давр учун ишлаб чиқилади.

Магнит бўронлари ҳақида маълумот берувчи халқаро платформаларда ҳам фақат 3 кунлик тахминий кўрсаткичлар берилаётганини кўриш мумкин.

Бундан хулосалаш мумкинки, магнит тебранишлари ўзгаришлари бўйича ойлик прогнозлар ўзини оқламайди ва ҳақиқатдан узоқроқ бўлиши мумкин.

Магнит бўронларининг салбий таъсирлари

Магнит бўронларининг 5-6 баллдан юқори бўлган ва хавфли саналадиган даражалари нималарга олиб келади? Эркин Абдулаҳадовга кўра, инсон саломатлигидаги салбий ўзгаришлардан ташқари, юқори кучга эга магнит майдонлари электр таъминоти, телефон алоқаси, телевидение, интернет, GPS-навигатор тизимларидаги узилишларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, тез ўзгарувчан магнит майдонлар сув ва газ ҳисоблагичларининг нотўғри ишлашига, қувурларнинг тез коррозияга учрашига ва ҳатто инсонлар ҳамда сутэмизувчиларнинг радиациядан зарарланишига ҳам олиб келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.