9 ноябрдан бошлаб халқаро юк ташувчилар Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги учта ўтказиш пунктида электрон навбатни банд қилишда 20 та ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи — ОҲКК (86 500 тенге ёки $192) миқдорида гаров тўлаши шарт. Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти бўйича давлат даромадлари департаменти ушбу янги талаб ҳақида огоҳлантирди.

Талаб қуйидаги ўтказиш пунктларида амал қилади:

«Қазиғурт»;

«Қонисбоев»;

«Атамекен».

Навбатни банд қилиш учун ташувчининг махсус электрон ҳисобида етарли маблағ бўлиши зарур. Агар юк машинаси белгиланган вақтда етиб келса, маблағ тўлиқ ҳажмда автоматик тарзда қайтарилади.

Агар ташувчи 90 та тақвим куни давомида кетма-кет икки марта ўтказиш пунктига белгиланган вақтда келмаса, гаров пули қайтарилмайди. Маблағ давлат бюджетига ўтказилади.

Департаментдагилар ушбу чора чегарада сунъий навбатлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида киритилганини билдирди. Ташувчилардан қатновларни олдиндан режалаштириш ва электрон ҳисобда маблағ бўлишини таъминлаш сўралди.