Путин ва Си Жинпинг стратегик ҳамкорлик борасида келишиб олди
Кремлда бўлиб ўтган музокаралар якунида Россия ва Хитой етакчилари «ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни» чуқурлаштириш тўғрисидаги баёнот ҳамда бир қатор бошқа ҳужжатларни имзоладилар.
Россия президенти Владимир Путин 21 март, сешанба куни Кремлда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан музокаралар чоғида Москва ва Пекин ўртасида икки давлат шерикчилигини мустаҳкамлашга қаратилган савдо, энергетика ва сиёсий алоқаларнинг ўсиб бораётганини олқишлади.
«Ишончим комилки, кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам мамлакатларимиз халқлари фаровонлиги йўлида мустаҳкамланиб, жадал ривожланиб боради», — деди Россия давлат раҳбари музокаралар чоғида. У тахминан уч соат давом этди. Дастлаб делегациялар аъзолари иштирокида тор доирада бир ярим соатдан ортиқ давом этган учрашув кейинроқ кенгайтирилган таркибда давом этди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари иккита қўшма баёнотни имзоладилар – «янги даврга қадам қўяётган кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида» ва «Россия-Хитой иқтисодий ҳамкорлиги асосий соҳаларини 2030 йилгача ривожлантириш режаси тўғрисида», - дейилади Кремль сайтида. Бундан ташқари, Хитой раҳбарининг Россияга давлат ташрифи доирасида турли соҳаларда Россия-Хитой ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган қатор ҳукуматлараро, идоралараро ва корпоратив ҳужжатлар имзоланди.
Учрашув якунида сўзга чиққан Путин музокаралар «илиқ, дўстона, конструктив муҳитда» ўтганини ва Россия-Хитой муносабатлари «тарихдаги энг юқори ривожланиш даражасида» эканини айтди. Си Жинпинг таржимон орқали гапирар экан, россиялик ҳамкасби билан музокараларни «очиқ ва дўстона» деб атади.
Матбуот учун баёнотида Хитой раҳбари, шунингдек, Пекин Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал этишни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. «Биз Бирлашган миллатлар ташкилотининг тамойилларига амал қиламиз... ва Украинадаги жанговар ҳаракатларни тинч йўл билан ҳал қилишга ёрдам берамиз», деди у ҳамда Хитой раҳбарияти ҳамиша «тинчлик ва мулоқот» тарафдори эканини қўшимча қилди.
Путин, ўз навбатида, Си Жинпинг таклиф қилган Украинадаги урушни ҳал қилишга қаратилган «тинчлик режаси»ни олқишлади. «Хитой томонидан илгари сурилган тинчлик режасининг кўплаб қоидалари Россия ёндашувларига мос келади, улар Ғарб ва Киев бунга тайёр бўлганида тинч келишув учун асос бўлиши мумкинлигига ишонамиз», - деди Россия президенти.
Россия етакчиси матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Путин ва Си Жинпинг бир кун аввал Украинадаги вазиятни тўрт соатдан кўпроқ муҳокама қилган. «Ҳаммасини тушунтириш учун имконият бор эди, - деди у журналистларга. - Улар бир-бирини эшитишди, бу энг муҳими».
Мавзуга оид
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024