Жаҳон | 18:35 / 27.03.2023
13062
3 дақиқада ўқилади

«Проект»: Уруш бошланганидан кейин ўнлаб таниқли олимлар Россияни тарк этди

Уруш бошланганидан кейин камида 28 нафар таниқли олим ва етакчи университетларнинг профессори Россияни тарк этди, деб ёзади «Проект». Шу билан бирга, мамлакатдан чиқиб кетган олимларнинг умумий сони анча кўп. 

Фото: AP / ТАСС

Украина билан уруш бошланганидан бери камида 28 нафар таниқли олим ва етакчи университетларнинг профессори Россияни тарк этган. Бундай рақамлар 27 март, душанба куни «Проект» нашри томонидан келтирилди. Унинг маълумотларига кўра, улар орасида жаҳонга машҳур мутахассислар, кўплаб мукофотлар лауреатлари ҳам бор. Шу билан бирга, кетган олимларнинг умумий сони анча кўп, деб ёзади нашр. 

АҚШда жойлашган Scholars at Risk ташкилотининг ўзи Россиядан 200 кишини олиб чиқиб кетди. Яна 62 нафар олимга Германия Александр фон Гумболдт фонди (Alexander-von-Humboldt-Stiftung) ёрдам берди, деб ёзади «Проект». Журналистларнинг фикрича, бошқа жойга кўчирилиши керак бўлган олимлар учун очилган Telegram-чатларда олти мингдан ортиқ киши бор.

«Бутун илм-фан соҳалари тўхтаб қолди, тадқиқот олиб борилмаяпти. Биз анча йиллар орқага қайтдик», - дейди астрофизик, Россия Фанлар академияси профессори Сергей Попов. 

Кўпчилик кетишдан олдин урушни қоралаган очиқ хатга имзо қўйган. 

Олий иқтисодиёт мактабининг собиқ профессори Константин Сониннинг сўзларига кўра, 2022 йил 24 февралдан бери камида 150 нафар ўқитувчи олийгоҳни тарк этган. 

Полетаев номидаги ҳуманитар тарихий-назарий тадқиқотлар институтини ходимларнинг 60 фоизи тарк этди, деб ёзади «Проект». Унга кўра, институт 2023 йил бошида халқаро лаборатория мақомини йўқотган. 

Москва давлат университетининг журналистика факультети ходимлари ҳам ишсиз қолди – мухолиф қарашдаги ўқитувчиларга энг кам ойлик иш ҳақи тайинланиб, ўқув дастуридан олиб ташланган ҳолда, улар ўқув юкламасидан маҳрум қилинди, деб ёзади нашр. 

Россияни тарк этганлар орасида Москва математика жамияти раҳбари, академик Виктор Василев, астрофизик, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Юрий Ковалёв, астрофизик, таниқли олим Сергей Попов ва биология фанлари доктори Александр Марков бор. 

Россиялик олимлар ва илмий журналистларнинг Украина билан урушга қарши мактуби 2022 йил февралида эълон қилинган эди. «Европада янги уруш бошлангани учун жавобгарлик тўлиқ Россия зиммасига юкланди», — дейилади ҳужжатда. Бугунги кунга қадар уни 8489 киши имзолаган. 

Мавзуга оид