Уч фарзандини каналга ғарқ қилган аёл

2022 йил 3 ноябр куни Самарқанд тумани Жарқишлоқ маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган аёл қайнонаси билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчилик натижасида унга жаҳл қилиб, 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан бирга ўзини Дарғом каналига ташлаган. Улар каналда оқиб кетаётганида Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласида жойлашган ошхонада ишловчи фуқаролар томонидан сувдан чиқариб олинган.

Ҳодиса оқибатида аёлнинг икки нафар фарзанди вафот этади. Ўзи ва яна бир фарзанди туман марказий шифохонасига олиб борилади.

Ўзи ва уч қизини поезд тагига ташлаган она

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи аёл 2021 йилнинг 21 март куни Навоий шаҳридаги дам олиш масканидан қайтаётиб, Кармана тумани ҳудудида ўзи ва уч нафар қизининг жонига суиқасд қилади. 31 ёшли аёл Наврўз байрами муносабати билан 2013, 2016 ҳамда 2018 йилда туғилган қиз фарзандларини Навоий шаҳридаги дам олиш масканига олиб борган ва улар билан сайр қилган. Ортга қайтаётганда эса Кармана туманининг «Маликработ» қўрғони ҳудудида, Кармана – Тинчлик темир йўл бекатлари оралиғида ўзи ва фарзандларини поезд тагига ташлайди.

Уларни юк поезди уриб юборган. Оқибатда она Кармана тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. Вояга етмаган 5 ёшли қизи эса оғир тан жароҳати туфайли жонлантириш бўлимига ётқизилган. 8 ҳамда 3 ёшли қизалоқлар бахтли тасодиф туфайли омон қолган.

Наманганда ўзи ва икки боласини сувга чўктирган аёл

2020 йилнинг 24 октябрь куни Янгиқўрғон тумани “Эски ер” сув омборида сув бетида учта жасад қалқиб чиққан. Тезкор гуруҳ бир нафар аёл ва икки нафар вояга етмаган болаларнинг жасадларини сувдан олиб чиқади.

Аниқланишича, марҳум туманнинг Навкент маҳалласида яшаган аёл бўлиб, у шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғига тегишли бўлган тутзор учун мўлжалланган 2 гектар ернинг 0,50 сотихини турмуш ўртоғи томонидан укасига ўтказиб берилганидан норози бўлган. Аччиқ устида ўз жонига қасд қилиш мақсадида икки нафар вояга етмаган фарзандлари – уч ёшли ўғли ва 2 ёшли қизини “Эски ер” сув омборининг бошланиш қисмига олиб келган. Фарзандларини кетма-кетликда сувга ташлаб, улар чўкканига ишонч ҳосил қилгач, ўзини ҳам сувга ташлаган.

Маълум бўлишича, аёл ўз жонига қасд қилишдан олдин ер майдонини бериб юборилишидан норози эканини билдириб, хат ёзиб қолдирган.

Икки болани сувга ғарқ қилган она

2018 йил 25 июнь куни соат 27 яшар аёл белига арқон билан 2 нафар фарзанди, 7 яшар қизи ва 3 яшар ўғлини боғлаб, ўзини Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани ҳудудидан оқиб ўтган “Шаҳрихонсой” каналига ташлаган. Уларни шу атрофдаги фуқаролар сувдан чиқариб олишган. Аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган, лекин вояга етмаган фарзандлари воқеа жойида вафот этган.