Дунёда меҳр-оқибат қолмади, одамлар бир-бирига фақат манфаат учун яхшилик қилади, деган гапларни кўп эшитамиз. Бироқ бундай хулоса қилишга шошмаслик керак. Дунёда ҳамма ҳам манфаатни ўйлаб яхшилик қилмайди, меҳрни пулга сотмайди. Шунчаки қалб амрига бўйсуниб яхшилик қилувчилар, меҳр улашувчилар жуда кўп. Ҳозир ҳикоя қилаётганимиз туркиялик Гулсум Кабадайи ана шундай аёллардан бири.
Тасодифий учрашув
2008 йилда Туркиянинг Анталя шаҳридаги касалхонага даҳшатли йўл-транспорт ҳодисасидан омон қолган йигитни олиб боришади. 17-18 ёшлар атрофидаги йигитнинг аҳволи оғир эди. Шифокорлар қўлидан келганини қилади, бироқ йигит фалаж бўлиб қолади. У на гапирар, на ҳаракат қиларди.
Йигитни излаб шифохонага ҳеч ким бормайди. Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқ, шифокорлар унинг исмини ҳам, миллати ва қаердан эканини ҳам билмасди. Тирик мурдага айланган йигит шу ҳолда касалхонада қолади. Қаҳрамонимиз Гулсум Кабадайи бир куни йигит ётган касалхонага қариндошидан хабар олгани бориб, уни кўриб қолади. Маъмуриятдан йигит ҳақида сўраб-суриштиради.
Аёлга йигит гапира олмаслиги, ёнида ҳеч қандай ҳужжати ҳам йўқлигини ва уни биронта одам сўраб келмаганини айтишади. Гулсум болалари тенги йигитни ташлаб кетгиси келмайди. Болага меҳр қўйиб, уни парвариш қила бошлайди. Йигитга умид маъносини англатувчи Умут деб исм беради. Гулсум Умутни парвариш қилишни бошлагач, йигит яна 100 кун жонлантириш бўлимида қолади. Кейин йигитни палатага олишади.
Аёл бир йил давомида болага касалхонага қатнаб қарайди. Кейин уни ўғил қилиб олиш учун ариза беради ва барча ҳужжатлар расмийлаштирилгач, йигитни уйига олиб кетади. Ўшанда Умутга Мустафо Оз номи билан Туркия паспорти ҳам берилади.
Аёлнинг уч боласи бор эди ва уларни ёлғиз катта қиларди. Аёл бир неча ой фалаж бўлиб қолган йигитни парвариш қилиб, ҳолдан тояди. Йигит озиб кетиб, вазни 30 кг бўлиб қолади. Умут ўзи овқатлана олмас, Гулсум уни найча орқали овқатлантирарди. Қўл-оёғи ишламайдиган йигит ҳожатга ҳам бора олмас, матонатли аёл бу парваришни ҳам гарданига олганди.
Аёл ҳар куни 15-20 та таглик алмаштирар, йигитни тоза сақлаш учун ювинтирар, бир неча марта ёнбошга ағдарар, яна яраларига малҳам суртарди. Қисқаси аёл йигитни парвариш қилиш билан бирга уни даволарди. Аёл йигитни ва унинг хонасини жуда тоза сақлагани учун Умутда тўшакка михланиб қолган айрим беморларда бўладиган ёқимсиз ҳид йўқ эди. Гулсумнинг тарбияли болалари ҳам Умутни оиланинг янги аъзоси сифатида қабул қилганди.
Рус бўлиб чиққан Умут ва беш она
Гулсум Умутни парваришлар экан, анча вақт унинг қаердан экани ва миллатини билолмайди. Аёл Умутни ҳеч бир манфаатни кўзламаган ҳолда парвариш қилар, шунчаки унинг кимлигини аниқласа, бу ҳақда қариндошларига хабар беришни ўйларди.
Аёл Умутнинг ёнида бўлганида бир ҳолатни сезиб қолади: йигит русча сўзлар эшитганида юз кўриниши ўзгарарди. Шунда Гулсум унинг рус эканини тахмин қилади. Шу тарзда орадан тўрт йил ўтади ва Умутнинг соғлигида айтарли ўзгариш бўлмайди. Йигит ҳамон гапира олмас, фалажланган ҳолда ётарди.
Бу орада Гулсумнинг қаҳрамонлигидан турк ОАВ хабар топади ва сайтларда у ҳақда мақолалар эълон қилинади. Турк аёли ва у парвариш қилаётган рус йигити ҳақидаги хабарлар Россияга ҳам етиб боради. 2013 йил январда Гулсумни Россиядаги энг оммабоп кўрсатувлардан бири «Пуст говорят»га таклиф этишади. Кўрсатувда аёл Умутни қандай учратиб қолгани ва парваришлаётгани ҳақида гапириб беради.
Кўп ўтмай кўрсатувнинг иккинчи қисми намойиш этилади. Унда Россиянинг турли ҳудудларидан ва Молдовадан келган беш нафар аёл Умут ўғли эканини даъво қилади. Бироқ ДНК текширувлари аёлларнинг бирортаси йигитнинг онаси эмаслигини тасдиқлайди.
Туркияга қайтган Гулсум йигитга ўзи иштирок этган кўрсатувлар видеосини қўйиб беради. Умут кўрсатувни жим томоша қилади ва ҳеч қандай реакция кўрсатмайди.
Умутнинг вафоти
Гулсум Россияга бориб келганидан сўнг бироз ғалати ҳолга тушади. Бир томондан у Умутнинг яқинларини топишни мақсад қилганди. Иккинчи томондан у ўз боласидай бўлиб кетган йигитдан ажралишни хоҳламасди. Умутнинг онасиман деб даъво қилган аёлларнинг йигитга ҳеч ким эмаслиги Гулсумни бир томондан хурсанд қилса, иккинчи томондан Умутнинг яқинларини топа олмагани учун хафа бўлади.
У бир неча бор мабодо Умутнинг яқинлари топилганда ҳам йигит билан алоқаларни узиб юбормаслигини ва у билан она-бола бўлиб қолаверишини таъкидлайди. Ўшанда Гулсум асраб олинган ўғлини йўқотишдан эмас, яқинлари Умутга қандай муносабатда бўлишидан, унга етарлича ғамхўрлик қила олмаслигидан кўпроқ хавотирланарди. Ахир бир неча йил Умутга ғамхўрлик қилган аёл йигитнинг аҳволини, қандай дори-дармонларни қабул қилишини, унга ҳар куни қандай муолажалар лозимлигини яхши биларди. Аёл йигитни кўз билан жавоб беришга ўргата олган эди.
2018 йилда январ ойида Умутнинг аҳволи бирданига ёмонлашади. Йигитни шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизишади. Ўн кун ўтиб Умут жон беради. Шифокорлар унинг ўлимига пневмония, ички аъзолардаги касалликлар ва буйрак етишмовчилиги сабаб бўлганини айтишади.
Умутнинг вафотидан Гулсум қаттиқ қайғуга тушади. Аёл йигит учун қўлидан келган барча ишни қилган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қололмаганидан азобланади. Кўп ўтмай Гулсум хайрия ташкилоти тузади ва ногирони бор оилаларга аравачалар ва тиббий ёрдам беришни йўлга қўяди. Умут учун сотиб олинган тиббий ускуналарни реабилитация марказига хайрия қилади. Аёл Умутнинг буюмларини ўзида сақлаб қолади ва йигитнинг қабрини тез-тез зиёрат қилиб туради.
Гулсумнинг матонати ҳақида филм
2025 йилда Туркия ва Россия киноижодкорлари Гулсум ва Умут ҳақида филм суратга олишади. Филмнинг Москвадаги ёпиқ тақдимоти 2025 йил октябрда, жаҳон тақдимоти эса 7 ноябр куни ўтказилади. «Bi Umut» деб ном берилган филмда Гулсум ролини туркиялик актриса Хуля Дуар, Умут ролини Леон Кемстач ижро этади. Филмда бадиий тўқима жуда кам бўлиб, унда асосан бироз аввал ҳикоя қилганимиз Гулсум ва Умут бошидан кечирган воқеалар тасвирланади.









