Жаҳон | 08:45 / 08.04.2023
11358
2 дақиқада ўқилади

Хитой: Украинадаги можарони фақат сиёсий йўл билан ҳал қилиш мумкин

Хитой раҳбари Си Жинпинг фикрича, можаронинг барча томонлари учрашиши керак. Хитой ва Франция Украинада халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми асосида тинчликни тиклашга чақирди.

Фото: AP

Хитой раҳбари Си Жинпинг Украина бўйича можарони фақат сиёсий йўл билан ҳал қилиш мумкинлигига ишончи комил. Бундай ечим шартларини келишиш учун барча томонлар учрашиши керак, деди Си 7 апрель, жума куни Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Хитойда бўлган Франция президенти Эммануэл Макрон билан кечки овқат пайтида.

Аввалроқ Хитой ва Франция Макроннинг ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган қўшма декларацияда Украина бўйича можарода тинчликка эришиш йўлидаги қадамларни қўллаб-қувватлашларини маълум қилган эди. Елисей саройи веб-сайтида 7 апрель куни эълон қилинган ҳужжатда: «Иккала томон ҳам халқаро ҳуқуқ, БМТ Низомининг мақсад ва тамойиллари асосида Украинада тинчлик ўрнатиш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди», дейилади.

Икки давлат раҳбарлари қўшма баёнотида Хитой ва Франция атом электр станциялари ва бошқа тинч мақсадли ядровий объектларга қуролли ҳужумларга қарши туриши, Атом энергияси бўйича халқаро агентликни (АЭХА) атом энергиясининг ишончлилиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашда конструктив роль ўйнашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид