Жаҳон | 11:02 / 15.04.2023
10126
2 дақиқада ўқилади

FT: Хитой ҳозирча АҚШ давлат котибини қабул қилишга тайёр эмас

Хитой Федерал тергов бюроси ХХР «разведка шари» ҳақидаги ҳисоботни эълон қилишидан қўрқиб, Энтони Блинкеннинг Пекинга ташрифига тайёр эмас, деб ёзади FT.

Фото: Getty Images

Хитой Федерал тергов бюроси (ФТБ) февраль ойида уриб туширилган ХХР «разведка шари» ҳақидаги ҳисоботни эълон қилишидан хавотирда, шунинг учун АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенни Пекинда қабул қилишга тайёр эмас. Бу ҳақда 15 апрель, шанба куни тўрт манбага таяниб, Financial Times (FT) хабар берди. Ташриф дастлаб Америка томонининг ташаббуси билан ҳаво шари топилганидан кўп ўтмай бекор қилинган эди.

Хитой расмийлари АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ФТБ ҳисоботини эълон қилиши, шунингдек, бир қатор ашёвий далиллар тақдим этиши ва Блинкеннинг Хитойга сафари чоғида хулосалар оммага эълон қилиниши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади газета. Шу муносабат билан Пекин эҳтимолий саналарни келишиб олишга шошилмаяпти.

Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ган март ойида Пекинда бўлиб ўтган Хитой тараққиёт форумида АҚШ делегациясининг муаммосини айтиб ўтди, деди уч киши FT'га. Циннинг айтишича, ФТБ тергови АҚШ-Хитой муносабатларини барқарорлаштиришни қийинлаштирадиган муаммодир, деди манбалардан бири. Қўшма Штатлар инқирозга Хитойнинг ҳаракатлари сабаб бўлган деб ҳисоблайди.

Федерал тергов бюроси ва Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши ҳозирча тергов маълум қилиниши масаласини очиқламаган. Бу масала Байден маъмурияти ичида зиддиятга сабаб бўляпти. Бир қатор амалдорлар ҳаво шари разведка маълумотларини йиғаётганини тасдиқлаш учун далилларни ошкор қилмоқчи. Нашр қўшимча қилишича, АҚШ Конгресси ҳам ФТБ хулосаларини эълон қилиш талабини қўйиши мумкин.

Мавзуга оид