Жаҳон | 10:56 / 26.04.2023
8920
2 дақиқада ўқилади

ISW: Россия кучлари Бахмутнинг ғарбий қисмида бироз олдинга силжиди

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси бўлинмалари Бахмутнинг ғарбий қисмидаги «Бахмут-2» темирйўл станциясидан жануби-ғарбий томонга бироз силжиди, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (Institute for the study of war; ISW) янги шарҳида геолокация маълумотларига таянган ҳолда. 

Фото: Reuters

Шу билан бирга, Украина кучлари шаҳарнинг шимоли-ғарбида маҳаллийлаштирилган қарши ҳужумни бошлади, бу эса Хромово орқали ўтадиган логистика линиясидаги босимни юмшатиши мумкин, дейди таҳлилчилар. 

Бундан ташқари, рус қўшинлари Авдийивканинг жануби-ғарбидаги Невелское қишлоғи томон шарққа қараб ҳаракатланяпти, дейди ISW экспертлари. 

Россия Мудофаа вазирлиги идора ва ХҲК раҳбари Евгений Пригожин ўртасидаги зиддиятларга қарамай, Бахмутни қўлга олиш учун «Вагнер» ХҲК билан яқинроқ ҳамкорлик қилишга интилмоқда, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти.

Институт россиялик ҳарбий блогерларнинг «Вагнер» ХҲК Т-90 танкларидан фойдаланаётгани ҳақидаги хабарларига ишора қилади, бундан Россия раҳбарияти уларни янада замонавий воситалар билан таъминлаган, деган хулоса чиқариш мумкин. 

Бундан ташқари, ISW экспертларининг фикрига кўра, Михаил Теплинскийнинг Россия ҳаво-десант қўшинлари қўмондони этиб қайта тайинлангани буни тасдиқлайди. 

Институтнинг таъкидлашича, Бахмут ҳудудида 106-ҳаво-десант дивизиясининг бўлинмалари жалб этилган. Таҳлилчиларга кўра, Россия ҳарбий қўмондонлиги Украинадаги ҳужум операциялари учун масъулиятни ҳаво-десант қўшинлари зиммасига юкламоқда.

Мавзуга оид