26 апрел куни БМТ Бош ассамблеяси БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида резолюция қабул қилди. Ҳужжат матнидаги жумлалардан бирида Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари агрессия деб аталган.
Резолюцияни Россия ўзига “дўст” деб билувчи давлатлардан Қозоғистон, Хитой, Туркия, Арманистон ва Бразилия ҳам маъқуллаб овоз берди. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва яна 15 мамлакат бетараф қолди.
Kun.uz мухбири сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан шу масалаларда суҳбатлашди.

— Қозоғистоннинг бундай позицияси нимадан дарак беради?
— Қозоғистоннинг бундай позицияни билдириши катта ўзгариш ва кўп маънони англатади. Авваламбор, БМТда қўйилган саволга қараш керак, уни бир нечта позицияда талқин қилиш мумкин. БМТ ва Европа Кенгаши ҳамкорлиги муҳимми, деган саволнинг ичидаги бандлардан бири Россияни тажовузкор давлат сифатида айблайди. Уруш бошлангандан бери Марказий Осиё давлатлари урушга оид масалалардаги резолюциялар бўйича овоз беришда иштирок этмаган ёки бетараф қолган. Россия минтақамиз учун муҳим иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. Шундай вазиятда Россия билан конфликтга киришмаслик учун Марказий Осиё давлатлари бетарафлик позициясини танлаган. Лекин бетараф дегани бефарқ деганимас. Россиянинг Украинага босқини Марказий Осиё давлатларини кучли хавотирга солади, аслида.
Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам шу пайтгача овоз бериш жараёнида бетараф бўлди. Фақат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Россия қолиши керакми, деган саволга “ҳа” деб жавоб берди. Қозоғистон биринчи марта Россияни агрессияда айбловчи овоз беришда тасдиқ жавоб берди. Бу билан Қозоғистон Россияга ўз эътирозини билдирмоқда.
Россияда Қозоғистоннинг бир қисмини ўзлаштириш таклиф этилди, Тўқаев жавоб қайтарди
Бундан ташқари, Россиянинг яқин ҳамкорлари бўлган ХХР, Ҳиндистон, Туркия каби давлатлар ҳам Россияга қарши овоз берган. Энди бу вазиятда Россияга қарата “Биз сенга қарши овоз бермадик, балки БМТ ва Европа Кенгаши ҳамкорлиги учун овоз бердик” дейишлари мумкин. Ростдан ҳам бу ҳамкорлик муҳим.


















