Жаҳон | 12:26 / 22.05.2023
9958
2 дақиқада ўқилади

Киев: Россия бутун дунёнинг ядро хавфсизлигига таҳдид солмоқда

Украинанинг «Энергоатом» компанияси 22 майга ўтар кечаси ўққа тутилиши натижасида Запорижжя атом электр станцияси ўз эҳтиёжлари учун қувват олган «Днепровская» юқори вольтли электр узатиш линияси ўчирилганини маълум қилди. 

Запорижжя АЭС Фото: Andrei Rubtsov/TASS/dpa/picture alliance

«Энергетика блокларининг ядровий материалларни совитиш насослари ишлашини таъминлаш учун муҳим бўлган ташқи қувват йўқолгач, АЭСнинг барча дизель генераторлари автоматик равишда ёқилди, ёнилғи таъминоти ўн кунга етди. Вақтни ортга ҳисоблаш бошланди», - деб таъкидлади давлат компанияси. 

«Энергоатом» агар шу вақт ичида станцияга ташқи электр таъминотини қайта тиклаш имкони бўлмаса, бутун дунё учун радиациявий оқибатларга олиб келадиган авария юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

«Россиянинг ядровий терроризми зудлик билан тўхтатилиши керак, босқинчилар эса станция ҳудуди ва йўлдош-шаҳар Энергодарни тарк этиши керак. ЗАЭС зудлик билан қонуний оператор - «Энергоатом»нинг тўлиқ назорати остига қайтиши, кейинчалик станция нормал иш ҳолатига келтирилиши керак. Бунда, объектнинг ядровий ва радиациявий хавфсизлигини тиклаш лозим», дейилади «Энергоатом» баёнотида.

Запорижжя АЭСда ташқи электр таъминоти бутунлай узилди, станция дизель генераторларидан фавқулодда захира қувватига ўтказилди, деб хабар берди Запорижжя вилояти оккупацион «маъмурияти» бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов. 

Унинг сўзларига кўра, Украинанинг «Энергоатом» компанияси ўзи бошқараётган «Днепровская» электр тармоғини узиб қўйган. 

Ўчириш сабаби ҳозирча номаълум. Украина бу хабарларга изоҳ бермаяпти. «Энергоатом» давлат концерни Запорижжя АЭСда ташқи электр таъминоти ўчирилганлигини тасдиқлади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид