Жамият | 15:21 / 21.06.2023
13688
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик шифокор Кореянинг нуфузли тиббиёт институти профессори бўлди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, травматолог-ортопед Камолхўжа Эшназаров Кореянинг Теджон тиббиёт технологиялари институти профессори илмий даражасига сазовор бўлди.

«Тиббиёт бўйича халқаро ҳамкорликда мутахассислар алмашинувининг алоҳида ўрни бор. Шу сабабдан ҳам соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича халқаро келишувлар ва мулоқотларда шифокорларимизнинг чет элда малака ошириши масаласи устувор аҳамият касб этиб келади.

Шундай ҳамкорлик натижасида тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, травматолог-ортопед Камолхўжа Эшназаров Кореянинг Теджон тиббиёт технологиялари институти профессори илмий даражасига сазовор бўлди. 

Куни кеча соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигида ўтган навбатдаги Ҳайъат йиғилишида тиббиёт соҳасидаги илмий ва амалий ютуқлар, Ўзбекистон — Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасини янада ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун мутахассисга профессорлик сертификати тантанали топширилди. 

Теджон тиббиёт технологиялари институти президенти жаноб Бюнг-Ки Лининг соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовга йўллаган расмий мактубида К.Эшназаровнинг Корея Республикаси Ёнсей, Чоннам каби нуфузли халқаро университетларда таълим олганлиги ҳамда кореялик профессор ва олимлар билан ҳамкорликда Америка, Европа ва Осиёнинг қатор йирик нашрларида йигирмадан ортиқ илмий мақолалар чоп этгани, халқаро илмий конференция ва форумларда доимий иштирок этиб келиши таъкидланган», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, Корея Республикасининг Теджон тиббиёт технологиялари институти тиббий технологияларни ривожлантириш, амалиётга жорий этиш ҳамда соҳага малакали кадрлар етказиб бериш билан шуғулланадиган нуфузли олий таълим муассасаси ҳисобланади. 

Мавзуга оид