Жаҳон | 10:04 / 15.07.2023
8537
3 дақиқада ўқилади

«Ғалла битими»: Эрдўған Россия билан келишув борлигини маълум қилди

Фото: Reuters

Биз Путинни август ойида қабул қилишга тайёргарлик кўряпмиз ва «ғалла битими»ни узайтириш кераклигини тушуняпмиз, деди Туркия президенти. Кремл бу баёнотни рад этди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия етакчиси Владимир Путин билан «ғалла битими»ни узайтириш зарурати ҳақида бир хил позицияга эга эканлигини айтди. Бу ҳақда 14 июл, жума куни AFP ва Reuters хабар қилди. «Биз Путинни август ойида қабул қилишга тайёргарлик кўряпмиз, Қора денгиз дон йўлаги бўйича келишувни узайтириш масаласида ҳам ўзаро тушунишга эгамиз», — дея Эрдўғаннинг сўзларини келтиради AFP. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш шу ҳафта Путинга келишувни узайтириш имконияти ҳақида мактуб йўллади. Гутерриш Россия ўғитларини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга чақирди. AFP хабарига кўра, Эрдўған «ушбу мактуб туфайли биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва Россиянинг ҳаракати билан ғалла йўлагининг кенгайиши таъминланади», дея умид билдирди. 

Ражаб Тоййиб Эрдўған БМТ ва Туркия саъй-ҳаракатлари туфайли келишув 17 июлдан кейин узайтирилишини кутмоқда, дея қайд этади Reuters. 
 
Шу билан бирга, матбуот котиби Дмитрий Песков «Интерфакс»га Россия расмийлари дон шартномасини узайтириш ҳақида ҳеч қандай баёнот бермаганини айтди. «Биз бу бўйича ҳеч қандай баёнот берганимиз йўқ», — деди Песков. 

Россия бир неча бор БМТ ва Туркия воситачилигида 2022 йилнинг ёзида Қора денгиздаги Украина портларининг Россия денгиз блокадасини тугатган келишувни узайтирмаслик билан таҳдид қилган. 

Москва бу ташаббус келишувнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади ва унинг иккинчи қисми, хусусан, Россиянинг озиқ-овқат ва ўғитлар экспортини очишни назарда тутувчи Россия-БМТ меморандуми амалга оширилмаётганини билдирди. 

БМТ маълумотларига кўра, Қора денгиз ғалла ташаббуси туфайли ўтган йили 32 миллион тонна ғалла ташилган ва бу дунёда озиқ-овқат нархининг пасайишига катта ҳисса қўшган. 

Мавзуга оид