Жорий йил июн ойида Туркманистонда қуролли давлат тўнтаришига уриниш бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳақда Turkman.news мамлакатдаги бир неча манбаларига таяниб хабар берди. Унда Туркманистон махсус хизматлари қуролли тўнтаришга уринишни тўхтатиб, 20 нафар гумондорни қўлга олгани айтилган.
Тўнтариш иштирокчилари орасида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Пайзигелди Мередовнинг ўғли Ботир Мередов ҳам бўлгани, шунингдек, Туркманистон ички ишлар вазири ўринбосари Ахмет Хўжатов ҳам қўлга олингани (Хўжатов ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Мари вилояти ички ишлар бошлиғи лавозимида ишлаган) ҳақида хабар қилинган.
Кўп ўтмай Туркманистоннинг Қозоғистондаги элчиси Ботир Режепов ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга изоҳ бериб, давлат тўнтаришига уриниш бўлганини рад этиб чиқди. «Бу маълумот фейк, ҳақиқатга тўғри келмайди, тасдиқланмаган. Бу туркман матбуоти эмас. Мазкур оммавий ахборот воситаси мамлакатимизда рўйхатдан ўтмаган ва расман фаолият кўрсатмайди», деди элчи.
Улкан миқдордаги углеводород захиралари эга, ўта ёпиқ давлат ҳисобланувчи қўшни республикада бундан 21 йил олдин ҳам давлат тўнтаришига жиддий уриниш бўлганди ва бу иш тафсилотлари ҳалигача очиқланмаган.
«Шихмуродов иши»
Туркманистон расмийлари 2002 йил 25 ноябр куни мамлакат биринчи президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд амалга оширилгани ҳақида маълум қилади.
Расмий талқинга кўра, Ашхободда Ниёзовга суиқасд уюштирилган: президент кортежининг йўлини КАМАЗ юк машинаси ва иккита енгил автомобил тўсиб қўйган, кортеж эса ўққа тутилган. Ниёзов жароҳат олмаган. Шундан сўнг туркманбоши давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълум қилади ва суиқасдда Борис Шихмуродов ҳамда бошқа мухолифатчиларни айблайди.
Борис Шихмуродов 1992 йилдан Туркманистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, 1995-2000 йилларда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарган. У мустақил Туркманистон ташқи сиёсатининг меъмори, президент Ниёзовга жуда яқин бўлган шахс сифатида кўрилиб келинган.





















