Жаҳон | 08:27 / 26.07.2023
6356
2 дақиқада ўқилади

Британия парламенти «Вагнер»ни террорчилик ташкилотлари реестрига киритишга чақирди

Британия парламенти Жамоатлар палатасининг ташқи ишлар қўмитаси «Вагнер» хусусий ҳарбий компания (ХҲК) фаолиятига оид ҳисоботини эълон қилди ва бу тузилмани террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишга чақирди. 

«Энди тармоқ энг заиф бўлган пайтда ҳаракат қилиш вақти келди», деди қўмита раиси Алисия Кернс. 

Қўмита раҳбарининг таъкидлашича, хусусий ҳарбий компания ташкил этилганидан кейин 10 йил давомида Буюк Британия ҳукумати «ҳеч қандай изчил стратегияга эга эмас эди», «Вагнер гуруҳи»га қарши мазмунли курашиш учун ҳеч қандай саъй-ҳаракатлар қилинмади. 

Бу хусусий ҳарбий компаниянинг ўсишига имкон берди, «у ўз Африкага чуқур кириб борди ва можаролар ёки беқарорлик туфайли тиз чўккан мамлакатлардан фойдаланиб келди», дея қўшимча қилди Кернс.

Аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги Мали ҳукмрон ҳарбий хунтасининг уч аъзосига «Вагнер» ХҲК «беқарорлаштирувчи» фаолиятини қўллаб-қувватлагани ва «Вагнер гуруҳи»нинг Украинадаги операциялари манфаатлари йўлида ўз давлати суверен ресурсларидан фойдалангани» учун санкция жорий қилди. 

Санкция рўйхатига Мали мудофаа вазири полковник Садио Камара, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари штаби бошлиғи полковник Алоу Бои Диарра ва унинг ўринбосари подполковник Адама Багайоко киритилган. АҚШ маълумотларига кўра, Камара «Вагнер» ХҲКни Малида жойлаштириш лоббичиларидан бири бўлган ва 2021 йилда тегишли келишувни мустаҳкамлаш учун Россияга бир неча бор ташриф буюрган.

Мавзуга оид