24 август куни Киевда бўлиб ўтган «Кўнгиллилар коалицияси» учрашувидан кейин Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнем Украина ва Британия сунъий интеллектдан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаганини маълум қилди.
Келишув Британияга Украина Россия ҳужумларини қайтариш давомида тўплаган материаллардан сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришда фойдаланиш имконини беради.
Британия бош вазирининг сўзларига кўра, ҳамкорлик Украинанинг «тенгсиз жанг тажрибаси»ни Буюк Британиянинг «жаҳон даражасидаги сунъий интеллект экотизими» билан бирлаштиради.
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар пайтида тўпланган маълумотлар Британияда синовдан ўтказилади. Улардан ҳарбий базалар, аэропортлар, темирйўл тармоқлари, электр станциялари ва қамоқхоналар каби муҳим объектларни учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимоя қилиш тизимларини такомиллаштиришда фойдаланиш режалаштирилган.
Украина миллионлаб жанг видеоларини тақдим этади
Ҳамкорлик доирасида Киев Лондонга жанг майдонидан олинган миллионлаб видеоязувларни тақдим этади.
Avenger («Қасоскор») номи билан юритиладиган ушбу маълумотлар тўплами ҳозирнинг ўзида Украинанинг автоном дронларини бошқаришга мўлжалланган сунъий интеллект тизимларини ўқитишда ишлатилмоқда.
Британия томони ушбу маълумотларни сунъий интеллектни ҳарбий шароитларга мослаштириш учун ўта қимматли манба сифатида баҳолаган.
Жанг майдонида олинган видеолар СИ моделларига дронлар, ҳарбий техника, ҳаракатланаётган нишонлар ва турли таҳдидларни реал шароитда аниқлашни ўргатиш имконини бериши мумкин.
Лондон ҳам Украинага технологик ёрдамни оширади
Украина маълумотлар тақдим этиши эвазига Буюк Британия Киевга технологиялар соҳасида қўшимча кўмак кўрсатади.
Бунда Британия университетлари, олимлари ва технологик компанияларининг имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, мамлакатнинг сунъий интеллект экотизимини Украина билан ҳамкорликка жалб қилиш режалаштирилган.
Бёрнемнинг таъкидлашича, ҳамкорлик нафақат миллий хавфсизлик имкониятларини кучайтиради, балки муҳим инфратузилмани яхшироқ ҳимоя қилиш ва иқтисодий ўсишга хизмат қилувчи технологияларни тезроқ ривожлантириш имконини беради.










