Жаҳон | 10:10 / 03.08.2023
7131
2 дақиқада ўқилади

Болтиқбўйи мамлакатлари Россия электр тизимидан ажралиб чиқмоқда

Литва, Латвия ва Эстония фойдаланувчиларининг электр тармоқларини БРЭЛЛ электр ҳалқасидан узиш ва континентал Европа тармоқлари билан синхронлаштириш санаси ҳақида карор қабул қилди.

Фото: Kun.uz

Латвия, Литва ва Эстония 2025 йилнинг февралига қадар энергия таъминоти тармоқларини Россиядан ажратиб, континентал Европа тармоқлари билан синхронлаштиради. Болтиқбўйи давлатлари энергия тармоқлари операторларининг бундай қарори 2 август, чоршанба куни Литва Энергетика вазирлиги томонидан эълон қилинди.

Литва, Латвия ва Эстония бундай қадамга тайёрланаётгани ҳақида аввалроқ Delfi интернет нашри ёзган эди. «Шартномани амалга оширишда операторлар 2024 йил август ойида БРЭЛЛ келишувини (энергия тизимлари синхрон ишлашини назарда тутувчи Беларус, Россия, Эстония, Латвия ва Литва электр ҳалқаси) узайтирмаслик ҳақидаги қўшма қарор ҳақида хабардор қилиши керак бўлади. 2025 йилнинг февралидан кечиктирмай континентал Европа тармоқлари билан синхронлаштириш ишларини якунлаш лозим», — дейилади Литва Энергетика вазирлигининг 25 июлдаги баёнотида. 

Вазирлик тушунтиришича, БРЭЛЛдан ажралиш қарори «Украинадаги уруш шароитида минтақадаги ўзгарган геосиёсий хавфсизлик вазиятини ҳисобга олган ҳолда» қабул қилинган ва бу «Болтиқбўйи давлатларининг умумий энергия хавфсизлиги мақсадлари бўйича келишувга эришишда бирдамлигини яна бир бор тасдиқлайди».

2022 йил декабрь ойида Эстония бош вазири Кая Каллас Таллин БРЭЛЛ ҳалқасидан фавқулодда узилишга тайёрлигини, бироқ юзага келиши мумкин бўлган хавфларни минималлаштиришни хоҳлаётганини айтганди. Каллас таъкидлашича, унинг мамлакатида бундай қадам учун сиёсий ирода бор, лекин ҳали бир қатор техник элементлар етишмаяпти. 

Мавзуга оид