Ўзбекистон | 19:36 / 20.08.2023
41152
12 дақиқада ўқилади

Умрзоқовнинг кетиши, UzAuto Motors’нинг ваъдаси ва Украинадан меҳмонлар — Ўзбекистон ҳафта ичида

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқот ўтказди, бунгача эса Президент администрацияси ислоҳ қилинди. Ўзбекистон олийгоҳларига тест имтиҳонлари якунланди. Тошкентда қурилаётган янги кўприк қулаб тушди — ортда қолган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ишбилармонларга қатор енгилликлар ваъда қилинди

Очиқ мулоқотда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни қийнаб келаётган бир неча муаммоларни тилга олди. Хусусан, ҳозирда камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетгани ва бу коррупцияга ҳам йўл очиб бераётганини кўрсатиб ўтди.

Эндиликда камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади.

«Лекин солиқлардан қочиб, ўз мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга биз албатта муросасиз бўламиз», деди президент.

Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан «tax gap» билан боғлиқ экани тилга олинди.

Президентнинг ушбу сўзларидан сўнг залда гулдурок қарсаклар янгради ва президент Солиқ қўмитаси раисига юзланиб шундай деди:

«Кудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу. Сенинг тизимингга баҳо бу. Олаётган ойликларингни оқламаяпсизлар, халққа, тадбиркорга ёрдам бермаяпсизлар, тўсиқ бўляпсизлар. Мана, tax gap деган бало буларни қандай қийнаяпти, катта коррупцияга сабаб бўлаётгани учун тикка туриб қарсак чаляпти».

Хўш, «tax gap» тизими нима ўзи ва тадбиркорлар нимага бу тизимдан норози бўлишди? Ҳозир тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда.

Ўтказилган сўровларда ҚҚС тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни «tax gap» тизими адолатсиз эканини билдирган.

Энди, 1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни «tax gap» бекор қилинади.

Президент тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилишини таъкидлади. Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланадиган бўлди.

Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати эса ҳозирги 5 йилдан 3 йилга тушириладиган бўлди. 

Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади. Келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар:

  • барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади;
  • уларга ҚҚСнинг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади;
  • ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.

Дарвоқе, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида президент Шавкат Мирзиёев “аравани торта олмаётгани” учун бир ойда 200 дан ортиқ раҳбар ишдан олинганини айтди.

«Бир ой ичида 200 дан кўпроқ раҳбарни ишдан олдик. Нимага? Аравани тортмаяпти. Нимага бугунги ҳаётга муносиб эмас? Бўлаверади деб яшаяпти. Таҳлил қилмайди, телевизор кўрмайди, дунёда нима бўляпти, қандай рақобат босиб келяпти, бу рақобатга қачон муносиб бўламиз, деган саволга жавоб топмаяпти. Шунинг учун улар билан хайрлашишга мажбур бўляпмиз», — деди давлат раҳбари.

Улар орасида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов ҳам бор. Унинг истеъфоси «бошқа ишга ўтаётгани» билан боғлиқлиги айтилган. Аввалроқ ушбу мулозим соҳадаги непотизм ва бошқа камчиликларни танқид остига олган Kun.uz нашрини судга берган, бироқ кўп ўтмай даъвосини қайтариб олган эди.

Президент Администрациясидаги янгиланишлар ҳам ҳафтанинг асосий янгиликларидан бири бўлди. Президент Администрацияси раҳбари лавозими ва бошқа қуйи лавозимлар тугатилди. Сардор Умрзоқов, Суннатулла Бекенов ва Фурқат Раҳимов ўз лавозимларидан озод этилди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, бу икки шахс Сардор Умрзоқов инвестициялар ва ташқи савдо вазири бўлиб ишлаганида унинг ўринбосарлари бўлишган.

Хуллас, президент фармони билан Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилди ҳамда администрациянинг тузилмасига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, администрация раҳбарининг ҳудудлардаги ёрдамчилари лавозимлари; ҳудудлардаги ёрдамчилари котибиятлари; ҳудудлардаги ёрдамчилари котибиятлари фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси тугатилди.

Сардор Умрзоқов президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Президент Администрациясининг янги структураси қуйидагича кўринишга эга бўлади:

1. Президентнинг биринчи ёрдамчиси;

2. Президент ёрдамчиси;

3. Администрация департаментлари;

4. Президент маслаҳатчилари.

Ўзбекистонда олийгоҳларга тест синовлари бўлиб ўтди

Ҳу бир вақтлардагидек яна 1 август куни старт олган тест синовлари икки ҳафта мобайнида ўтказилиб, 14 август куни якунланди. Тест синовлари натижалари эртаси куниёқ пайдар-пай эълон қилиб турилди. Тест синовларида 948 минг абитуриент қатнашиши керак эди, шундан 50 мингдан ошиғи имтиҳонда қатнашмаган.

Ҳозир абитуриентлар кутаётган энг асосий нарса – якуний мандат. Амалдаги қонунчиликка кўра, абитуриентларнинг якуний жавоблари кириш имтиҳонлари тўла якунланган санадан бошлаб 1 ҳафта ичида чиқиши керак. Демак, 13 августда тест тугаган бўлса, 20 августда мандат эълон қилиниши керак.

Муҳим жиҳати — максимал 189 балл тўплаш мумкин бўлган тест синовларида абитуриент талаба бўлиш учун тўплаши керак бўлган энг минимал балл – 56,7 балл этиб белгиланган.

Тест имтиҳонларида қатнашган абитурентларнинг қарийб ярми ана шу баллни ҳам тўплай олишмаган. Ҳайрон бўлишга шошилманг: аввалги йилларда вазият бундан-да бадтар бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бу йил ОТМнинг бакалавриатига қабул учун 190 мингга яқин квота ажратилган.

Қулаган тўсин ва калтак еган журналистлар

Тошкент халқаро аэропортига элтувчи йўл ўтказгич қайта реконструкция қилинмоқда. Ҳафта аввалида ушбу янги йўл ўтказгич кўприкдаги тўсинлар қулаши ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Кўприк қулашига тўсинлар сифатсизлиги эмас, «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси томонидан олиб борилаётган қурилиш ишларида меҳнат муҳофазасига амал қилинмаслиги сабаб бўлган, деди мутахассисларлардан бири.

«Ўзбекистон темирйўллари» воқеага эҳтиётсизлик сабаб бўлганини маълум қилган.

Тик ҳолда монтаж қилиниши лозим бўлган ва бир бирига яхшилаб қотирилмаган тўсинлардан бирининг кран ёрдамида кўтарилган чоғда ёнга оғиши натижасида у қолганларини ҳам тортиб кетган. Ёнбошлаган тўсинлар ўз оғирлигини кўтара олмасдан синиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Тўсинлар қулаши натижасида йўл ўтказгич қурилишида 2 млрд 760 млн. сўмлик зарар кўрилган.

Тўсин қулашини ёритиш учун борган ZO‘R-TV телеканали журналистларига қаршилик кўрсатилган. Операторнинг камерасига зарар етказилган, ўзи калтакланган.

ZO‘R-TV мухбирларига зўравонлик кўрсатиб, уларга қарши куч ишлатган ходим «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси 67-Кўприкқурилиш отряди иш бошқарувчиси Нодир Эшниёзов экани маълум бўлди. «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ у ишдан бўшатилганини эълон қилди.

Бунинг ортида ички ишлар вазирлиги безорилик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Ҳафта ичида яна қандай эътиборга молик янгиликлар бўлди?

АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. 11 август куни юборилган мактубда Америка президенти Ўзбекистон раҳбарини Ню-Йоркда БМТ бош ассамблеяси доирасида ўтказиладиган Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарларининг (5+1) саммитига таклиф этган. Саммит 19-20 сентябр кунлари бўлиб ўтади.

«Уммон» гуруҳининг собиқ солисти Зоҳид Рисқиевга суд ҳукми ўқилди. Бир инсон умрига зомин бўлган автоҳалокатни содир этганликда айбланган Зоҳид Рисқиевга шартли равишда 2 йил синов муддати берилиб, озодликда қолдирилди. У 3 йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.

2022 йил сентябрида Зоҳид Рисқиев бошқарувидаги BMW катта тезликда ҳаракатланиб, йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, «Мегапланет» савдо мажмуаси қаршисидаги кўп қаватли уй олдига тушганди. Воқеа оқибатида йўловчилардан бири вафот этган, Зоҳид ва икки йўловчи шифохонага ётқизилганди.

Автомобил мавзусини давом эттирамиз.

UzAuto Motors 2024 йилдан бошлаб автомобилларни 3 ой ичида етказиб беришни ваъда қилди. Яқинда, август ойида очилган контракциялар бўйича пули олдиндан тўланган автомобиллар йил якунигача ўз эгаларига топширилади. Ўша урҳо-сур бўлган куни 51 мингта автомобилга шартнома тузилганини унутмайлик. UzAuto Motors кейинчалик шартнома тузилганидан кейинги кутиш муддати 3 ойдан ошмаслигига ваъда бермоқда.

Дарвоқе, ҳукуматнинг янги қарорига кўра, янги импорт автомобиллар фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сотилиши ҳақидаги талаб бекор қилинади. Бу ҳам Ўзбекистонга хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар олиб кириш учун йўл очади.

Халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли тизим тугатилди. Яшил ва қизил йўлакли тизим 2018 йил 1 январдан ишга туширилган эди. Президент фармонига кўра, унинг ўрнига масофавий божхона назорати, яъни махсус ажратилган жойларда визуал кузатувни амалга ошириш тизими жорий этилди.

Ҳафта ичида украиналик бир гуруҳ болалар Ўзбекистонда дам олиш ва соғлиғини қайта тиклаш учун олиб келинди. Украинадан дам олиш ва реабилитация учун келган 45 нафардан иборат болалар гуруҳи «Анор» болалар оромгоҳида ҳордиқ чиқаришмоқда Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси ташаббуси бўлган ушбу лойиҳа ўзбек ишбилармонлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган.

Дайжестимиз сўнгида футбол янгиликлари. Саудия Арабистони чемпионати футбол юлдузлари билан тўлдирилаётган бир чоғда, Криштиану Роналдунинг жамоадоши Жалолиддин Машарипов «Ан-Наср» билан тузилган шартномани ўзаро келишувга кўра бекор қилганини эълон қилди. Машарипов фаолиятини Туркиянинг «Трабзонспор» клубида давом эттирадиган бўлди.

Дарвоқе, бразилиялик футбол юлдузи Неймар ҳам Саудия Арабистонига йўл олгани ҳафтанинг шов-шувли янгилиги бўлди. ПСЖдан «Ал-Ҳилол»га 90 млн евро эвазига амалга оширилган трансфер эвазига Неймарга 2 мавсум учун 320 млн евро маош берилади. Бу соатига 17,1 минг евро дегани.

Бундан ташқари, Неймарга шахсий фойдаланиш учун хусусий самолёт, тўлиқ жиҳозланган (25 та ётоқхона, 40x10 ҳажмдаги бассейн ва учта сауна) ва 5 нафар хизматкорлари бўлган кошона, Bentley Continental GT, Aston Martin DBX ва Lamborghini Huracán автомобиллари, 24 соат хизматида бўладиган ҳайдовчи берилади. Унинг дам олиш кунларида меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа турли хизматлар учун ҳисоблар тўлаш учун клуб қароргоҳига юборилади.

Неймар ўз ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистонини тарғиб этувчи ҳар бир пост ёки «сториз» учун 500 минг евро мукофот олади, «Ал-Ҳилол»нинг ҳар бир ғалабаси учун унга 80 минг евро миқдорида мукофот пули ҳам берилади. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид