Жаҳон | 14:38 / 28.08.2023
5140
2 дақиқада ўқилади

Украинада уруш давридаги коррупция давлатга хиёнат билан тенглаштирилади

Президент Зеленский тегишли қонун лойиҳасини Олий радага тақдим қилмоқчи. Украина Жиноят кодексида давлатга хиёнат қилганлик учун 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. 

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский уруш давридаги коррупцияни давлатга хиёнат билан тенглаштирувчи қонун лойиҳасини тайёрлайди. Бу ҳақда у 27 август, якшанба куни кечқурун телемарафон эфирида айтиб ўтди. «Мен вазифа қўйдим ва уруш давридаги коррупцияни давлатга хиёнат билан тенглаштириш бўйича таклифларим Украина қонун чиқарувчиларига тақдим этилади. Менимча, бундай чора жамиятда доимий ишлай олмайди, аммо уруш вақтида бу ёрдам беради», - дейди Зеленский. 

Украина президентининг сўзларига кўра, тегишли қонунчилик ташаббуси кейинги ҳафтада Олий радага тақдим этилади. «Бундан кейин ҳаммасини парламент ҳал қилади», дея қўшимча қилди у. 

Зеленский коррупцияни давлатга хиёнат билан тенглаштириш жуда жиддий восита бўлишига ишонч билдирди. «Аммо бу қатағон ёки сталинизм эмас. Агар далил бўлса, шахс панжара ортига юборилиши керак», деб тушунтирди у. 

Украинада давлатга хиёнат учун жазо 

Украина Жиноят кодекси давлатга хиёнат қилганлик учун (111-модда) мол-мулки мусодара қилинган ёки мусодара қилинмаган ҳолда ўн икки йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади. 

Украина Жиноят кодексининг коррупцияга қарши моддаларидан бири (368-2-модда - «Ноқонуний бойиб кетиш») муайян лавозимларни эгаллаш ёки шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади. 

Украина Молия вазирлигига кўра, ҳозир мамлакатда сўнгги 20 йил ичида коррупция даражаси энг паст кўрсаткичга эга. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид