Петербургда Россия армияси полковниги автомобилига ўрнатилган портловчи қурилма масофадан туриб ҳаракатга келтирилиши оқибатида ҳалок бўлди. Ҳодиса Колпинский шоссесидаги Шушарида (Пушкин райони) рўй берган.

«Фонтанка» нашри ёзишича, портловчи қурилма автомобилнинг остки қисмига жойлаштирилган. Портлаш полковник ҳовлидан чиқиб, машинага ўтираётган вақтда рўй берган. Унинг исми-шарифи очиқланмаяпти.

Манбаларга кўра, машинада полковникдан ташқари унинг оила аъзоларидан бири ҳам бўлган, у жароҳатланган ҳолда шифохонага етказилган.

Колпинский шоссесининг портлаш рўй берган қисмида ҳаракат тўхтатилган.

Манбаларда ҳалок бўлган ҳарбий шахси бўйича икки хил маълумот тарқалмоқда. Хабарларга кўра, портлаш қурбони бўлган шахс 6-Ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа армияси қўмондонининг ҳарбий-сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Андрей Ходикин ёки 6-армия бош штурмани Дмитрий Лободин бўлиши мумкин. Уларнинг иккиси ҳам портлаш рўй берган ҳудуд яқинида яшайди.

Россия тергов қўмитаси рўй берган ҳодисани тасдиқлади.

«Тергов органлари томонидан Пушкин районида автомобил портлаши оқибатида ҳарбий хизматчи ўлдирилиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди», – дейилади баёнотда.

«Фонтанка» маълумотига кўра, полковникнинг машинасига бомбани Петербургда яшовчи 31 шахс ўрнатган. Гумонланувчи портлашдан икки соат ўтиб Пулково аэропортидан Туркияга учиб кетган.

Россия кучишлатар тузилмалари туркиялик ҳамкасблари билан боғланган, аммо у аллақачон Туркияни ҳам тарк этгани маълум қилинган.

Бу Россиянинг Украинага қарши уруши давомида Россия шаҳарларида содир этилган портлашлар оқибатида юқори мартабали ҳарбийлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ навбатдаги ҳолат бўлмоқда.

  • Шу йил 27 август куни ҳам Колпинский шоссесида ичида подполковник ва унинг рафиқаси бўлган автомобил портлаб кетганди. Ҳодиса оқибатида ҳарбий ҳалок бўлган, рафиқаси омон қолган. Ўша ҳолатда ҳам автомобилнинг остки қисмига портловчи қурилма жойлаштирилгани маълум бўлганди. «Фонтанка» ўз манбасига таяниб, автомобилга портловчи қурилмани ўрнатишда 24 ёшли россиялик аёл гумонланаётгани, у портлашдан кейин Туркияга чиқиб кетгани ҳақида хабар берган. Ҳуқуқ-тартибот органлари тергов жараёни юзасидан расмий маълумот бермаган, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг шахси ва бошқа тафсилотлар очиқланмаган.