Ўзбекистон табиий газ импортини 7 баробарга оширгани маълум бўлди. Натижада бюджет харажатлари 25 фоизга ошиб, дефицит 6 фоизга яқинлашиб қолган. Энергетика соҳасида тарифлар либераллаштириляпти. Олтин-валюта захиралари кетма-кет бешинчи ой камайди. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари иқтисодий таймлайнда.

Жума куни Марказий банкнинг банк назорати қўмитаси қабул қилган қарор конвертацияга чеклов ҳақидаги шов-шувни келтириб чиқарди. Қарорга кўра, 18 сентябрдан бошлаб юридик шахсларнинг асосий ҳисобварағи очилган банклардан ташқари бошқа банкларда валюта сотиб олиши ва бошқа валюта операцияларини амалга ошириши тақиқланиши кўзда тутилганди. Шунингдек, банклар ва бизнесга оид бошқа валюта чекловлари ҳам киритилиши кутилганди.

Жамоатчиликда катта хавотир билан қабул қилинган қарор, хайриятки, эртаси куниёқ бекор қилинди. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов валюта конвертациясида орқага қайтиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслиги, қарордан мақсад конвертацияни чеклаш эмас, комплаенс назоратни кучайтириш бўлганини айтди. “Фалсафада шундай бир қараш бор: жамият қабул қилмаган қарор – нотўғри қарор, у қайси мақсадга йўналтирилган бўлишидан қатъи назар”, – деди Мамаризо Нурмуродов.

Бюджет харажатлари чорак мартага ошган, дефицит салкам 6 фоиз

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил 1-ярим йиллигида бюджет ижросига оид ҳисоботни эълон қилди. Эътиборлиси, жорий йилги бюджет қонунида консолидациялашган бюджетнинг йиллик дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги кўрсатилганига қарамай, 6 ойда тақчиллик 5,7 фоизга етган. Давлат харажатларининг даромадларига қараганда бу даражада ошиб кетиши ҳатто пандемия йилида ҳам кузатилмаган эди.

Рақамларга қаралса, 2023 йилнинг олти ойида давлат даромадлари 153,8 трлн сўмни, харажатлари 180,8 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 26,9 трлн сўмга етган. Бу дефицит асосан ўтган йилги қолдиқ маблағлар ва қарз олиш ҳисобига қопланган.