Дунё бўйича ҳар йили ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг учдан бир қисми чиқиндига ташланади. Бир йилда жами 1,3 млрд тонна озиқ-овқат исроф бўлади. Бу, албатта, иқтисодий, ижтимоий ва экологик харажатларга олиб келади.

2 хил вазият: кимдир яхши ҳолатдаги маҳсулотни сақлай олмагани учун чиқиндига ташлаши мумкин, яна кимдир эса тўйиб овқатланиш имконига эга эмас. Статистикага кўра, 815 млн одам тўйиб овқат ейиш имконига эга эмас.

Бундай маълумотдан кейин сизда ҳамма маҳсулотлар бадастир бўлса, уни тўғри сақлаш ва исроф қилмасликка ҳаракат қилиш – тўғри вариант.

Пластик идишда маҳсулот сақламаслик ҳақида

“Музлаткичдаги қатор ҳолатлар озиқ-овқатнинг янги сақланишига таъсир қилади. Ҳарорат, маҳсулот қандай қадоқлангани, ҳаво айланиши, намлик даражаси кабилар шулар жумласидан”, дейди озиқ-овқат бўйича мутахассис Бриан Чау.

Дўкон расталарида оралаб юрганда кўплаб маҳсулотлар пластик идишлар ёки ўрамларда сақланаётганини кўриш мумкин. Лекин бу ҳар доим ҳам тўғри эмас.

“Масалан, қўзиқориннинг таркиби 70-90 фоиз сувдан иборат. Уни пластик ўрамга солганда эса буғланиш ҳодисаси вужудга келади. Қўзиқорин табиатан сувли маҳсулот бўлгани учун уни пластикда сақлаш тезроқ эскиришига сабаб бўлади. Агар қўзиқоринни сотиб олмоқчи бўлсангиз, уни пластикдан бўшатиб қоғоз ўрамга солиб беришларини сўранг. Қоғознинг ғоваклари бўлади ва қўзиқорин унда яхшироқ сақланади”, дейди Бриан Чау.

Ёки кўкатларнинг “умрини узайтириш” учун уларнинг поясини бироз кесиб сувга солиб сақлаш ҳам мумкин.

Лекин кўкатларда эскириш аломатлари пайдо бўла бошлагач уларни фолга қоғоз тўшаб устидан қоғоз сочиқлар ёйиб кейин кўкатларни унга солишни ва қоғоз сочиқларга ўраб фолга билан ёпилган ҳолатда сақлаш мумкин. Чунки алюмин фолга қоғози намликни назорат қилишга ёрдам беради. Ҳаво оқими камайиши оқибатида кўкатлар муздек сақланади ва янгилиги таъминланади.

Музлаткичсиз сақланадиган маҳсулотлар ҳақида

Маҳсулотларни хона ҳароратида сақлаш — йилнинг қайси фасли экани ва яшаб турган жойингизнинг иқлимига қараб фарқланади. Агар тропик ёки жуда намли ҳудуд бўлса, намлик юқорилиги ҳисобига маҳсулот айниши тезлашади.