Жаҳон | 09:10 / 21.09.2023
7681
3 дақиқада ўқилади

Ереванда - мамлакат ҳукуматига қарши янги норозилик намойиши

Арманистон ҳукумати биносига йиғилган бир неча минг киши Ереваннинг Қорабоғдаги арманларга ёрдам беришни истамаслигидан норози. Акция ташкилотчилари мамлакатда ҳокимият алмашишини талаб қилмоқда.

Фото: SNA/IMAGO

Ереванда Озарбойжоннинг Қорабоғдаги аксилтеррор тадбири фонида Арманистон расмийларининг Қорабоғдаги можарога аралашишни ва у ерда яшовчи этник арманларни қўллаб-қувватлашни истамаслигига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. 20 сентябр, чоршанба куни кечқурун намойишчилар ҳукумат биноси яқинидаги бир қанча кўчаларни тўсиб қўйди.

Йўлга ўтириб олган намойишчиларнинг бир қисми Тигран Мец шоҳкўчаси, Амирян кўчаси ва Налбандян кўчасида транспорт ҳаракатини тўсиб қўйган. Полиция намойишчиларга куч қўлламади. AFP ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат биноси яқинида – Ереван марказидаги Республика майдонида бир неча минг одам йиғилган. Ўз навбатида, «Новая газета.Европа» нашри мухбири бино яқинида тўпланганлар сонини бир неча юз киши деб ҳисоблаган.

Намойишчилар ҳукумат ўзгаришини талаб қилмоқда 

Намойиш ташкилотчиларидан бири, «Она-Арманистон» блоки раҳбари Андраник Теванян аввалроқ намойишчилар Арманистонда ҳокимият ўзгаришини, Никол Пашинянни бош вазирликдан четлатиш ва янги ҳукумат тузишни талаб қилаётганини айтган эди. Теваняннинг сўзларига кўра, янги ҳукумат Қорабоғ ва Арманистон мудофаасини ташкил қила олади. 

«Арцахда (Қорабоғ) Арманистон тақдири, давлатчилигимиз тақдири ҳал қилинмоқда. Айни дамда Арманистон ва Арцах муаммоларини ҳал қилиш учун фақат битта имконият бор. Никол Пашинян узоқ вақтдан бери четга чиқиб олган. Арцахни ташлаб кетди. У Арцах арманларини душман қўлига топширди. Ҳозир содир бўлаётган ҳодиса - Пашинян сиёсатининг оқибатлари», - деди Андраник Теванян. 

Ўз навбатида, «Дашнакцутюн» партияси вакили Ишхон Сагателян тўғридан тўғри митингда парламент мухолифати Пашинянни ҳокимиятдан четлатиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи қўмита тузганини айтди. 

Қорабоғдаги вазият

Аввалроқ, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси расмийлари 20 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 (Тошкент вақти билан 14:00) дан бошлаб Озарбойжон билан ўт очишни тўлиқ тўхтатиш бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди. Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида эришилган келишув доирасида арманларнинг қолган ҳарбий хизматчилари «Россия тинчликпарвар контингенти жойлашган зонадан» олиб чиқилади, «Тоғли Қорабоғ мудофаа армияси» тузилмалари эса қуролсизлантирилиб, бутунлай тарқатиб юборилади, оғир ҳарбий техника ва қуроллар Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқилади. 

21 сентябр куни Евлах шаҳрида Қорабоғ арманлари ва Озарбойжон ҳукумати вакилларининг учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, унда «Қорабоғ арманларининг реинтеграцияси, ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари» муҳокама қилинади. Шунингдек, Озарбойжон конституцияси доирасида Қорабоғ аҳолисининг турмуш тарзини таъминлаш масалалари кўриб чиқилади, дея хабар берди тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси вакиллари. 

Мавзуга оид