Музокараларда Озарбойжон делегациясига парламент депутати Рамин Мамедов бошчилик қилди, жорий йил мартида у Қорабоғдаги арман аҳоли билан алоқалар учун масъул этиб тайинланганди.

Арман томонидан музокараларда тан олинмаган республика парламенти депутатлари Давид Мелкумян ва Арег Авагян қатнашди.

Чоршанба куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен вазиятни барқарорлаштиришда иштирок этиш ниятида экани хабар қилинганди, аммо Евлахдаги бу учрашувда АҚШ вакиллари йўқ эди.

Музокараларнинг асосий мақсади — Қорабоғ арманларининг янги реалликка мослашиши учун шарт-шароитларни ишлаб чиқишдан иборат. Улар ҳудуд Озарбойжон назоратига ўтганидан кейин минтақада этник тозалаш бошланиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Озарбойжон президентининг махсус топшириқлар бўйича вакили Элчин Амирбеков учрашувда арман томонига тинчлик шартномаси лойиҳаси топширилганини айтди. УҚорабоғнинг арман аҳолисини ижтимоий-иқтисодий интеграция қилиш режаси аллақачон тайёр эканини маълум қилиб, бу интеграция — Озарбойжоннинг ички иши эканини қайд этган.

«Арманистон билан келишув халқаро ҳуқуққа асосланган бешта банддан иборат. Хусусан, ҳар икки давлат бир-бирининг ишига аралашмаслик мажбуриятини олади. Қорабоғ арманлари билан алоҳида келишув шарт эмас. Энди бу Озарбойжоннинг ички иши», деди у.

Маъмурият Қорабоғ арманлари делегацияси биринчи навбатда ёнилғи ва озиқ-овқат билан ёрдам қилишни сўрашганини маълум қилган.

Бу вақтда Ереванда Қорабоғда яшовчи арманларни Арманистонга кўчиришни ташкил қилиш учун тайёргарлик бошланган.

Евроиттифоқдагилар ҳам мазкур ҳудуддаги арманларнинг тақдиридан хавотир билдирган. Айрим сиёсатшунослар тахмин қилишича, Қорабоғда фақат ўзи туғилган уйларни ташлаб кетишни истамайдиган кекса ёшли арманлар қолиши мумкин.

«Пойтахт расмийлари оҳанги»

Олга Просвирова, BBC рус хизмати корреспонденти