Жаҳон | 10:17 / 27.09.2023
8914
2 дақиқада ўқилади

Медведев Россия ва НАТО тўқнашуви эҳтимолини оширувчи омилларга эътибор қаратди

Биз тайёрмиз, аммо натижа 1945 йилдагидан кўра инсоният учун анча қимматга тушади, деди Россия Федерациясининг собиқ президенти.

Фото: РИА Новости

Россияда НАТО билан тўғридан тўғри можародан бошқа йўл борасида танлов қилиш имконияти тобора камаймоқда. Бундай фикрни Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев билдирди. 

Россия Федерациясининг собиқ президенти Россия ва НАТО ўртасидаги тўқнашув эҳтимолини оширувчи бир қатор воқеаларга, жумладан Американинг Abrams танклари етказиб берилгани, Украинага узоқ масофали ATACMS ракеталарини етказиб бериш ваъда қилингани, шунингдек, Канада ҳукумати ва «нацистлар» ўртасидаги алоқаларга эътибор қаратди. 

«Афтидан, Россияда НАТО билан ерда тўғридан тўғри тўқнашувдан бошқа танлов имконияти камайиб бормоқда, у Гитлер ўқи каби очиқ фашистик блокка айланган, гарчи каттароқ ҳудудда бўлса ҳам. Биз тайёрмиз, аммо натижа 1945 йилдагидан кўра инсоният учун анча қимматга тушади...», деб ёзди Медведев ўзининг Telegram-каналида. 

Бундан олдин Дмитрий Медведев Европа етакчиларини ирқчиликда қоралаб, Европа Иттифоқи билан дипломатик алоқаларни тўхтатишни таклиф қилганди. Россия Федерацияси собиқ президенти Еврокомиссиянинг Россияга қарши санкциялар бўйича янги тушунтиришларини шундай изоҳлаган.

«Европа Иттифоқи раҳбарларига қойил. Ҳалол Брюссел бошлиқлари. Улар барча россияликларга тўғридан тўғри айтди: сиз биз учун иккинчи даражали фуқароларсиз. Худди Шариков (Шариков - Михаил Булгаковнинг «Ит юраги» қиссасидаги қаҳрамон) каби», — деб ёзган у ўзининг Telegram-каналида.

Россия Федерацияси собиқ президентининг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг қарори «ҳар бир Россия фуқароси юзига тарсаки бўлди». 

 

Мавзуга оид