Жаҳон | 01:11 / 29.09.2023
12059
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» аслида террорчилар эмас — Россия Ташқи ишлар вазирлиги

Россия ТИВ вакили Замир Кабулов сўзларига кўра, «Толибон» «ўзини миллий ҳаракат деб эълон қилди» ва ривожланди.

Фото: AP

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Осиё иккинчи департаменти директори Замир Кабулов Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати вакиллари қандай ҳуқуқий асосларга кўра Россия ҳудудига келмоқда деган саволга жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» Россия Адлия вазирлиги томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ва Россия ҳудудида тақиқланган.

Замир Кабулов сўзларига кўра, «Толибон» аслида террорчилар эмас.

«Биринчидан, биз уларни аслида террорчи деб ҳисобламаймиз. Буни ҳаётнинг ўзи исботлади», деди Кабулов.

Дипломатнинг таъкидлашича, «Толибон» «ўзини миллий ҳаракат деб эълон қилди» ва ривожланди.

«Толибон» глобал жиҳодни бошламасликни, ўз мафкураси ва тафаккур тарзини қўшни давлатларга сингдирмаслигини эълон қилди», деди Кабулов. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Афғонистонда «Толибон»га қарши чиқадиган куч йўқ.

28 сентябр куни «Толибон» вакиллари делегацияси Афғонистон муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий бошчилигида Россияга борди. 29 сентябр куни улар Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувларда иштирок этиш учун Қозонга йўл олди. Кабулов сўзларига кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров делегация аъзолари билан учрашмайди.

Мавзуга оид