Жаҳон | 10:38 / 02.10.2023
4237
3 дақиқада ўқилади

Британия янги атом сувости кемаларини қуриш учун 4,5 млрд евролик шартнома имзолади

Британия Мудофаа вазирлиги янги авлод ядровий ҳужумкор сувости кемаларини ишлаб чиқариш дастури доирасида 4,6 миллиард евролик янги шартнома имзолади.

Фото: BAE

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги AUKUS хавфсизлик алянси доирасида сувости кемаларини қуриш учун 4 миллиард фунт стерлинглик (4,6 миллиард евро) янги шартнома имзолади. Бу ҳақда Британия маҳкамаси раҳбари Грант Шэппс 1 октябр, якшанба куни ҳукмрон Консерватив партиянинг Манчестер шаҳрида бўлиб ўтган қурултойида маълум қилди. «Бугун мен Буюк Британиянинг етакчи компаниялари билан Қироллик денгиз флоти тарихидаги энг кучли ҳужумкор сувости кемаларини яратишни жадаллаштириш бўйича шартнома имзолаганимизни эълон қилишим мумкин», деди Шэппс.

Буюк Британиянинг йирик корхоналари илғор сувости кемаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришда иштирок этади. Батафсил лойиҳалаш босқичида BAE Systems, Rolls-Royce ва Babcock Marine билан узоқ муддатли шартномалар имзоланиши «Буюк Британия учун ҳам, умуман уч томонлама AUKUS дастури учун ҳам келажак ядровий ҳужумкор сувости кемалари синфини ривожлантириш олдидан муҳим босқичдир», дейилади Британия Мудофаа вазирлиги сайтида. 

Британиянинг Astute синфидаги сувости кемалари ўрнини босувчи биринчи SSN-AUKUS сувости кемаси 2030-йилларнинг охирида Британия Ҳарбий-денгиз кучларига тақдим этилиши кутилмоқда. Мудофаа вазирлиги веб-сайтидаги баёнотга кўра, «булар Қироллик денгиз флоти томонидан бошқариладиган энг катта, энг замонавий ва энг кучли ҳужумкор сувости кемалари бўлади». 

АҚШ ва Австралия иштирокидаги иттифоқ 

AUKUS номи 2021 йилда тузилган хавфсизлик иттифоқига аъзо бўлган уч мамлакат: Австралия, Буюк Британия ва АҚШ давлатининг биринчи ҳарфларидан олинган. Ушбу ҳамкорлик турли хил турдаги қўшма ҳарбий ишланмалардан ташқари, Австралия учун ядровий сувости кемаларини қуришни ҳам ўз ичига олади. Австралия 2040-йиллар бошида АҚШ ва Британия технологияларидан фойдаланган ҳолда ўзининг биринчи сувости кемаси SSN-AUKUS’дан фойдаланишни бошлаши кутилмоқда. 

Британия сувости кемалари қурилиши асосан Британиянинг Барроу-ин- Фернессдаги кемасозлик заводида амалга оширилади, Австралия эса яқин ўн йил ичида сувости кемалари учун ўзининг саноат базасини ривожлантириш ва уларни ўз ҳудудида ишлаб чиқариш устида иш олиб боради, Rolls-Royce эса Британия ва Австралия сувости кемалари учун ядровий реакторлар етказиб беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид