Норвегия Тадқиқотлар кенгаши Marine Nuclear Propulsion System — MarNuPS лойиҳасини молиялаштириш учун маблағ ажратди. Лойиҳа иштирокчилари денгиз транспортига мослаштирилган кичик модулли ядро реакторларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни мақсад қилган.

Бундай энергетик қурилмалар очиқ денгизда ишлайдиган кемаларнинг қазилма ёқилғига эҳтиёжини бартараф этиши мумкин. Ишлаб чиқувчилар реакторлар юқори қувватни таъминлаши ва кемаларнинг тез-тез ёнилғи захирасини тўлдирмасдан узоқ вақт ишлашига имкон беришини кутмоқда.

Дастлабки босқичда синовлар Норвегиянинг Олесунн шаҳри яқинидаги Стетте ҳудудида ўтказилади. Бу ерда кема энергетик қурилмасининг ҳақиқий ўлчамдаги макети йиғилиб, унинг турли қисмлари биргаликда қандай ишлаши текширилади.

Ушбу синовларда ядровий ёнилғи қўлланмайди. Муҳандислар реактор ажратиши керак бўлган иссиқликни электр ёрдамида ҳосил қилади. Бу тизимнинг ишлаш хусусиятлари ва бошқарувини ядровий ёнилғи билан боғлиқ радиация хавфисиз баҳолаш имконини беради. Синовларни 2027 йилда бошлаш режалаштирилган.

Энергетик тизимнинг асосини Emerald Nuclear компанияси ишлаб чиқаётган Gem микрореактори ташкил этади. Унинг электр қуввати 5 мегаватт бўлиши кўзда тутилган.

Реакторда TRISO туридаги ёқилғидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Унда бойитилган уран сақловчи майда заррачалар бир неча қатламли керамика ва углерод қопламалари билан ҳимояланган.

Бу қатламлар жуда юқори ҳароратга бардош бериш ва радиоактив моддаларнинг ташқарига чиқиш хавфини камайтириш учун мўлжалланган. Реакторда ҳосил бўладиган иссиқликни электр энергиясига айлантирувчи махсус қурилмаларни Peregrine Turbine Technologies компанияси етказиб беради.

Лойиҳанинг асосий хусусиятларидан бири — алмаштириладиган реактор модулидир. Ҳозирги режага кўра, реактор герметик модул ичига жойлаштирилади ва бу модул ҳар 5–15 йилда янгисига алмаштирилади. Шу тариқа портларда ядровий ёнилғини бевосита алмаштириш билан боғлиқ мураккаб операцияларни ўтказишга эҳтиёж қолмаслиги кутилмоқда.

Норвегиянинг Island Offshore кема эгаси компанияси ушбу технологияни денгизда биринчи бўлиб қўллаш ниятида. Компания 2031–2032 йилларда денгиздаги нефт-газ платформаларига таъминот етказувчи кемага ишлайдиган Gem реакторини ўрнатишни режалаштирган.

Режа амалга ошса, бу Шимолий денгизда ишлайдиган тижорат кемаларида ядро энергетикасидан фойдаланишга йўл очиши мумкин.