Karpowership ҳамда Сингапурнинг кема қуриш ва муҳандислик ишларига ихтисослашган Seatrium компанияси Whale Class туркумидаги бешта кемани қайта жиҳозлаш бўйича шартнома имзолади. Келишув янги авлод сузувчи энергоблокларига зарур ускуналарни ўрнатиш ва уларни ягона тизимга бирлаштиришни назарда тутади.
Лойиҳалаш ишлари аллақачон бошланган. Биринчи кема 2027 йил декабрда Сингапурдаги Seatrium Tuas Boulevard Yard кема қуриш ва таъмирлаш корхонасига етиб келиши режалаштирилган.
У ерда мутахассислар энергетика ускуналарини ўрнатади, механик тизимлар монтажини якунлайди ва станцияни фойдаланишга топшириш олдидан дастлабки синовларни ўтказади. Бу ишлар кемадаги генерация қурилмалари, ёнилғи таъминоти ва электр узатиш тизимларини биргаликда ишлашга тайёрлашни қамраб олади.
Сузувчи электр станцияларига қизиқишнинг асосий сабабларидан бири — уларни зарур ҳудудга нисбатан тез олиб бориб, ишга тушириш мумкинлигидир. Қуруқликда йирик электр станциясини қуриш бир неча йил давом этиши мумкин. Тайёр энергетика ускуналари жойлаштирилган кема эса соҳилдаги электр инфратузилмасига уланади.
Karpowership ўз кемаларини «улаб, ишга тушириш» тамойили асосида тайёрлайди. Компаниянинг таъкидлашича, бундай станциялар белгиланган манзилга етиб келганидан кейин атиги 30 кунда электр ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин. Бу муддат кемани қуриш ёки модернизация қилишга эмас, тайёр станцияни жойида ишга туширишга тааллуқли.
Whale Class компаниянинг энг юқори қувватли сузувчи электр станциялари туркуми ҳисобланади. Ҳар бир кема 600 мегаваттгача электр қувватини таъминлашга мўлжалланган. Шу ҳисобдан, бешта станциянинг жами лойиҳавий қуввати 3 минг мегаваттга, яъни 3 гигаваттгача етиши мумкин.
Бундай қувват кўламини оддийроқ тасаввур қилиш учун: истеъмол даражасига қараб, битта шундай кема юз минглаб хонадонни электр билан таъминлай олади. Ишлаб чиқарилган энергия соҳилга узатилиб, умумий тармоқ орқали истеъмолчиларга етказилади.
Янги кемалар конструкциясида келажакда ёнилғи турини ўзгартириш имконияти ҳам ҳисобга олинган. Уларга анъанавий кема ёқилғиси, табиий газ ва водород қўшилган аралашмаларда ишлашга мослаштирилган кўп ёқилғили энергетика қурилмалари ўрнатилади.
Бундай ечим кема корпусини қайта қурмасдан турли ёнилғилардан фойдаланиш имконини бериши керак. Водород аралашмаларига мослик эса келажакда ёнилғи таъминоти ва тегишли инфратузилма ривожланишига қараб, станцияларнинг ишлаш усулини ўзгартириш учун шароит яратади.












