Ўзбекистон | 17:33 / 02.10.2023
7874
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қатар амири билан музокара ўтказди

Ўзбекистон ва Қатар етакчилари икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга келишиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

2 октябр куни Доҳадаги «Амири Девон» мажмуасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний музокара ўтказди.

Унда сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва «яшил» энергетика, нефт-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январ ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, «яшил» энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма «йўл харита»ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш механизмларини яратиш топшириғини берди.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Мавзуга оид