Жаҳон | 01:02 / 04.10.2023
8988
2 дақиқада ўқилади

Байден Ғарб етакчиларини Украинани қўллаб-қувватлашига ишонтирди

АҚШ президенти Европа Иттифоқи етакчилари билан видеоконференция орқали суҳбат қилди.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жозеф Байден ҳамкорлар ва иттифоқчилар билан мулоқот қилиб, Украинани янада қўллаб-қувватлаш борасида келишиб олди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Оқ уй расмийларига кўра, Байден Канада бош вазири Жастин Трюдо, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел, Германия канцлери Олаф Шолц, Италия бош вазири Жоржиа Мэлони, Япония бош вазири Фумио Кишида, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Полша президенти Анжей Дуда, Руминия президенти Клаус Йоханнис, Буюк Британия бош вазири Риши Сунак, Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна билан суҳбатлашди.

Европа Иттифоқи етакчилари Украинани қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқладилар.

«Биз якдилмиз ва Украинага қўшимча ҳарбий техника, молиявий ва сиёсий ёрдам беришга тайёрмиз. Украинадаги тинчлик ва хавфсизлик Европадаги тинчлик ва хавфсизликка тенгдир», деди Европа кенгаши раиси Шарл Мишел.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европанинг Украинани қўллаб-қувватлаши «шубҳасиз» эканини айтди. Хусусан, у таклиф этилаётган янги 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам, 2024 йил мартигача бир миллион артиллерия ўқ-дориларини етказиб бериш мажбуриятлари ва Россияни украиналикларга қарши уруш жиноятлари учун жавобгарликка тортиш ниятини эслатиб ўтди.

Байден ўз суҳбатдошларини Украинага, хусусан, ҳарбий техника билан қўллаб-қувватлаш давом этишига «ишонтирди». У бу ёрдамни Конгресс томонидан қўллаб-қувватлашини таъминлашини айтди.

Ўтган ҳафтада Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлаш харажатларини ўз ичига олмаган вақтинчалик бюджетни қабул қилди. Бу Ғарбда ва Украинада АҚШ Россия босқинидан кейин Украинанинг ишончли иттифоқчиси бўлишини тўхтатгани ҳақидаги шубҳаларни уйғотган эди. 

Мавзуга оид