Ўзбекистон | 13:22 / 23.10.2023
2584
2 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО ижроия кенгаши Ўзбекистон ташаббуси билан ахборот соҳасидаги резолюциясини бир овоздан маъқуллади

Фото: Дунё АА

Жорий йилнинг 4-18 октябр кунлари Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО ижроия кенгашининг 217-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси - «Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни муносабати билан Тошкент декларацияси» резолюцияси бир овоздан маъқулланди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Тошкент декларацияси 2022 йил 28-29 сентябр кунлари ЮНЕСКО билан биргаликда Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни муносабати билан Тошкентда ўтказилган «Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги» мавзусидаги халқаро конференция якунлари бўйича қабул қилинган. Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни 2019 йилда эълон қилинганидан бери биринчи марта глобал даражада нишонланмоқда. БМТ Бош ассамблеяси томонидан 28 сентябр - Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни сифатида нишонланади.

Резолюция лойиҳаси аъзо давлатлар томонидан ижроия кенгашининг 217-сессияси кун тартибига янги масала сифатида киритилган асосий ҳужжатлардан бири бўлди. Ҳужжатга 20 та давлат, жумладан, Андорра, Жазоир, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Кувайт, Миср, Марокаш, Сурия, Судан, Тунис, Фаластин, Палау, Шри-Ланка, Венгрия, Ливан, Либерия, Зимбабве ва Чили ҳаммуаллиф бўлди.

Резолюцияда Ўзбекистон ҳукуматига Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни муносабати билан Тошкент шаҳрида (2022 йил 28-29 сентябр) бир қатор тадбирлар ташкил этгани учун миннатдорлик билдирилган. Ҳужжат, шунингдек, бош директорни Тошкент декларациясида белгиланган инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш учун ахборотдан фойдаланишга ёрдам берадиган фаолиятни қўллаб-қувватлашга чақиради.

Ҳужжатга мувофиқ, «Ахборотдан эркин фойдаланиш бўйича Тошкент декларацияси»ни тасдиқлаш бўйича бош конференциянинг 42-сессияси (шу йил 7-22 ноябр, Париж) кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ижроия кенгаш резолюцияси ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланган ҳолда (умумий маъқуллаш) қабул қилиниши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид