ЮНЕСКО ҳузуридаги Ўзбекистоннинг доимий вакили Камол Мухторов ташкилотнинг Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазар Элунду Ассомо билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: “Дунё” АА

Учрашувда Ўзбекистоннинг маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва асраб-авайлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқотда Бухородаги “Пои Калон” меъморий мажмуасини реставрация қилиш ҳамда “Шаҳристон” ҳудудида очиқ осмон остидаги археологик музей яратиш режаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, жорий йилнинг май–июн ойларида Бухорода иш олиб борган халқаро экспертлар миссиялари натижалари муҳокама қилиниб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш бўйича навбатдаги қадамлар кўриб чиқилди.

Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазар Элунду Ассомо 26 июл куни Пусанда ўтказилган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида Тошкентдаги модернистик архитектура объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини ҳам қайд этди.

У Ўзбекистонни ушбу воқеа билан яна бир бор табриклаб, бу мамлакатнинг бой ва ранг-баранг маданий меросини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беришини таъкидлади.