Корея Республикасининг Пусан шаҳрида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессия доирасида 1972 йилги Бутунжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция иштирокчи давлатлари объектларни ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича номинацияларни кўриб чиқмоқда ҳамда бутунжаҳон мероси объектларини сақлаш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилмоқда.

Қўмита қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент модернистик архитектураси. Марказий Осиёнинг замонавийлиги ва анъаналари» миллий номинацияси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Бу Ўзбекистоннинг сўнгги 25 йил ичида Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган биринчи миллий номинацияси, мамлакатнинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги олтинчи маданий объекти, шунингдек, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларида ушбу мақомга эга бўлган ХХ аср модернистик архитектурасининг илк объекти ҳисобланади.

Номинация ХХ асрнинг иккинчи ярмида, асосан 1966 йилги зилзиладан кейин шаклланган Тошкентнинг архитектура меросига бағишланган. У модернистик архитектура тамойиллари, Марказий Осиё меъморчилиги анъаналари ва маҳаллий иқлим хусусиятларининг ўзига хос уйғунлигини акс эттирувчи ўнта муҳим объектни бирлаштиради.

Номинациядан «Жемчуг» тураржой биноси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Халқлар дўстлиги саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Давлат цирки, Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Алишер Навоий номидаги кинотеатр, «Чорсу» бозори, «Космонавтлар» метро станцияси ва Катта қуёш печи («Қуёш» гелиокомплекси) ўрин олган.
Номинациянинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши Ўзбекистоннинг архитектура мероси халқаро миқёсда эътироф этилганини тасдиқлайди ҳамда уни келгусида асраб-авайлаш, ўрганиш ва халқаро даражада оммалаштиришга хизмат қилади.
















