ҲАМАС делегацияси 26 октябр куни Москва шаҳрига ташриф буюрди. Бундан қандай мақсад кўзлангани тўлиқ аниқ эмас. Россия ТИВ Ғазо секторидаги хорижликларни, жумладан россияликларни гаровдан озод этишни талаб қилган, ҲАМАС Владимир Путинга дипломатия учун миннатдорчилик билдирган, аммо гаровдагилар ҳақида тўхталмаган. Исроил Москвани танқид қилиб, ҲАМАСни таклиф этишни «номуносиб қадам» деб атаган.

Ташриф олдиндан анонс қилинмаганди ва кўпчилик учун кутилмаган бўлди. ҲАМАС делегацияси ташрифи ҳақида биринчи бўлиб «РИА Новости» манбаси хабар берди. Кўп ўтмай буни Россия ТИВ расмийси Мария Захарова тасдиқлади ва қуйидаги ибора билан чекланди: «Фаластиннинг тегишли ҳаракати вакиллари Москвада ташриф билан бўлиб турибди».

Кун охирида ТИВ ҲАМАС Москвада нима қилаётгани ҳақида ўз изоҳини тақдим этди. Расмий формулировкага кўра, Ғазо секторида асирликда бўлиб турган «хорижликларни зудлик билан озод этиш бўйича Россия линиясини давом эттиришда контактлар амалга оширилган». Бундан ташқари, россияликлар ва бошқа мамлакат фуқароларини анклавдан эвакуация қилиш масаласи муҳокама этилган.

Делегацияга ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Абу Марзуқ бошчилик қилган, у билан музокараларда Россия томонидан ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳамда РФ президенти махсус вакили Михаил Богданов қатнашган. Лекин Россия ТИВ хабарида Богданов фамилияси тилга олинмаган — ҲАМАС пресс-релизидаги учрашувдан олинган суратда эса уни кўриш мумкин.

ҲАМАС талқинига кўра, Абу Марзуқ Москвада «Ғазога қарши тажовуз»ни муҳокама этиб, фаластинликлар «сионист оккупациясига барча мавжуд воситалар билан қаршилик кўрсатиш»га ҳақли эканини таъкидлаган. «Ҳаракат делегацияси Россия президенти Владимир Путиннинг позицияси ва фаол рус дипломатияси саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди», — дейилган пресс-релизда.

ҲАМАС баёнотида гаровдагилар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аммо ўт очишни тўхтатиш, назорат-ўтказиш пунктларини очиш ва инсонпарварлик ёрдамлари етказиб беришга чақириқлар янграган. Шунингдек, ХАМАС Фаластин халқи ҳуқуқларини тилга олган, Россия ТИВ эса — пойтахти Шарқий Қуддусда бўлувчи, 1967 йилги чегаралардаги Фаластин давлатини яратиш зарурлигини таъкидлаган.

Исроил Москвани БМТ Хавфсизлик кенгашининг 7 октябрдаги ҳужуми учун ҲАМАС қораланган резолюцияга вето қўйганидан бир кун ўтиб ҲАМАС делегациясини қабул қилгани учун танқид қилган.

«Исроил ҲАМАСнинг юқори мартабали мулозимлари Москвага таклиф этилишини терроризмни қўллаб-қувватловчи ва ҲАМАС террорчиларининг ваҳшийликларини қонунийлаштирадиган номуносиб қадам сифатида кўради», — дея Исроил ТИВ расмий вакили Лиор Ҳаятнинг сўзларини келтирган Haaretz газетаси. Нашр Исроилнинг Россияга нисбатан очиқ танқиди кам кузатиладиган ҳолат эканини қайд этган.