16 август, якшанба куни бўлиб ўтган учрашув ҳақида Axios нашри ва AFP агентлиги бир-биридан мустақил равишда ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Axios маълумотларига кўра, Кушнер ва ҲАМАС вакиллари ўртасидаги музокара қарийб 90 дақиқа давом этган. Манбалар суҳбатни «жуда самарали» деб баҳолаган. Асосий масала ҲАМАСнинг қуролсизланиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини амалда бажаришига қаратилган.
Нашр суҳбатдошининг айтишича, ҲАМАС раҳбарлари Кушнердан Доналд Трампга ҳаракат аввал эришилган келишувларга содиқ қолишини етказишни сўраган.
АҚШ томони бу позицияни олқишлаган, бироқ Вашингтонга фақат баёнотлар эмас, балки амалий ҳаракатлар кераклигини таъкидлаган.
«Биз аниқ саъй-ҳаракатларни кўришни истаймиз, фақат сўзларни эмас», деган манба музокаралардаги АҚШ позициясини изоҳлар экан.
Манбага кўра, Кушнер учун ҲАМАС раҳбарларининг бу мажбуриятларни шахсан ўз зиммасига олиши муҳим бўлган. У ҲАМАС вакилларига, агар улар Исроил томонидан ҳам келишувда кўзда тутилган чоралар амалга оширилишини истаса, қуролсизланиш йўлида конкрет қадамлар ташлаши кераклигини билдирган.
Учрашувда кимлар қатнашди?
Axios маълумотига кўра, музокараларда «Тинчлик кенгаши» бош директори Николай Младенов, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири ва кенгаш аъзоси Тони Блэр, шунингдек, кенгашнинг катта маслаҳатчилари Аре Лайтстоун ва Лиран Танкман иштирок этган.
ҲАМАС томонидан ҳаракат сиёсий бюроси раҳбари Халил ал-Ҳайя қатнашган. Учрашувда Миср Умумий разведка бошқармаси раҳбари Ҳасан Рашад, Қатар дипломати Али ал-Тавади ва исми ошкор этилмаган юқори мартабали туркиялик амалдор ҳам бўлган.
Музокараларда қуролсизланиш тушунчаси фақат қуролларни топшириш билан чекланмаслиги қайд этилган. Axios манбасига кўра, ҲАМАСдан Ғазо секторидаги бошқарув ваколатларини Фаластин технократик ҳукуматига топшириш ва келажакда сектор бошқарувида ҳеч қандай роль ўйнамаслигини кафолатлаш ҳам кутилмоқда.
Кушнер Исроилга боради
17 август куни Жаред Кушнернинг Исроилга ташриф буюриши ва мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашиши кутилмоқда. Axios ёзишича, музокараларда ҲАМАСдан талаб қилинаётган чораларга жавобан Исроил томони амалга ошириши мумкин бўлган «тегишли қадамлар» муҳокама қилинади.
















