Жаҳон | 14:16 / 21.11.2023
4037
2 дақиқада ўқилади

«Коммерсант»: Россияда КХДРга авиарейслар очиш таклиф қилинди

«Аэрофлот» ва «Аврора» компанияларига Шимолий Кореяга мунтазам парвозларни бошлаш таклиф қилинди, деб ёзади «Коммерсант». Аммо туроператорлар уларга талаб бўлишига шубҳа қиляпти. Ҳозир Air Koryo'да Пхенянга учиш мумкин.

Фото: Markus Mainka/picture alliance

Росавиация Россия авиаташувчиларига Пхенянга мунтазам парвозларни бошлашни таклиф қилди, деб ёзади «Коммерсант». 20 ноябр, душанба куни чоп этилган газета мақоласига кўра, бундай таклиф аллақачон «Аэрофлот» ва Узоқ Шарқнинг «Аврора» авиакомпанияси томонидан қабул қилинган ва у янги рейсларни очишга «назарий тайёрлигини» тасдиқлаган.

Газетанинг ёзишича, Росавиация делегацияси ўтган ҳафта Шимолий Кореяга ташриф буюрган ва у ерда КХДР фуқаро авиацияси маъмурияти вакиллари билан учрашиб, мамлакатлар ўртасида ҳаво қатновини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган. Ҳозирда фақат Владивостокдан Пхенянга учиш мумкин - Шимолий Кореянинг ягона авиакомпанияси Koryo ҳафтасига икки марта рейсларни амалга оширади.

Туроператорлар йўналиш қизиқиш уйғотишига ишонмаяпти

Шу билан бирга, россиялик туроператорлар ҳали КХДРга турларни тиклаш бўйича сўровларни олмаган ва бундай саёҳатларга қизиқиш ортиши кутилмаяпти. «Коммерсант»нинг туризм соҳасидаги суҳбатдошлари ушбу рейсларда асосий йўловчилар сиёсатчи ва ишбилармон доиралар вакиллари бўлиши мумкинлигини билдирган, Пхенянга умумий йўловчи ташиш эса йилига бир неча минг кишилик кўрсаткичдан ошиши даргумон.

«Аэрофлот», Росавиация ва Транспорт вазирлиги Шимолий Кореяга эҳтимолий мунтазам парвозлар ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид