Мухлисларни бу ҳафта кўплаб қизиқ учрашувлар кутмоқда.

Ниҳоят миллий жамоалар баҳоргача танаффусга чиқишди ва биз қарийб беш ой мобайнида, деярли танаффуссиз клублар ўртасидаги ажойиб баҳслар гувоҳи бўламиз. Бошланишидан даҳшат, биратўла икки чемпионатда жадвални бошқариб турган жамоалар ўзаро куч синашади. Яна бошқа қизиқарли баҳслар шунчалик кўпки, бу сафар алоҳида бештасини ажратиб олиш анча қийинчилик туғдирди. Шубҳасиз, қуйидаги ўйинлардан ташқари, «Жирона»нинг навбатдаги имтиҳони, «Тоттенҳэм» ва «Астон Вилла» ўртасидаги «сунъий офсайдлар дербиси» ҳам катта қизиқиш уйғотади.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «ЛИВЕРПУЛ» (25 ноябр, 17:30)

Бемалол айтиш мумкинки, сўнгги йилларда ушбу тўқнашув инглиз футболи классикаси айланиб бормоқда. Тўғри, масалан, «Арсенал» ҳам ўтган мавсумда «шаҳарликлар»га муносиб рақобат кўрсата олди, аммо ўзаро ўйинларни олганимизда, айнан «Ливерпул» «Манчестер Сити»га ҳар томонлама муносиб бўла олмоқда. Ҳатто Пеп Гвардиола ҳам ўз мураббийлик фаолиятида энг қийин учрашувлар айнан Юрген Клопп жамоаси билан кечганини кўп бор такрорлайди.

Бу сафар ўртага турнир жадвалидаги позиция ҳам тикилган, ушбу учрашув ғолиби турни пешқадам сифатида якунлайди. Дуранг эса «Арсенал» 1-ўринга чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Клублар футболига бўлган икки ҳафталик соғинч мана шундай катта ўйин билан бошланиши ажойиб. Шунингдек, ўйинни нафақат икки буюк мураббий, икки буюк голеадор ўртасидаги дуэл сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Эрлинг Ҳоланд қаторасига иккинчи мавсум тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда, Салоҳ эса, жорий мавсумда АПЛда энг кўп хавфли вазият яратган футболчи бўлиб турибди. Муҳими, Ҳоландга жамоадошлари яна қулай вазиятлар яратиб бериши, Салоҳнинг шериклари эса, уни қувватлаб, яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиши керак бўлади. Айниқса, Нунез.

Таркиблар борасида ноаниқликлар кўп, агар сўнгги турларни эсласак, ҳатто Ҳоландда ҳам кичик жароҳат бўлиб, миллий жамоалар ўйинларида иштирок этмади. Аммо сўнгги хабарларга кўра, норвегиялик футболчи ўйинга тайёр бўлиши керак. Кевин де Брюйне, Ковачич каби футболчилар сафга қайтишига бироз вақт бор, Аке, Нунеш ва Стоунз эса майдонга тушиши сўроқ остида. Меҳмонлар сафида Робертсон, Жонс, Гомес, Байжетич, Алкантара каби футболчилар шерикларига ёрдам бера олмайди. Табиийки, ўйин миллий жамоалар йиғинларидан сўнг ўтаётгани боис, бир қатор сюрпризлар бўлиши ҳам мумкин, яъни базага ким қандай спорт формасида қайтганини тўлиқ билмаймиз.

Ўтган мавсумдаги биринчи давра учрашуви «Энфилд»да мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган. Баҳордаги учрашувда эса «Сити» кутилмаганда анча осонлик билан уч очко эгасига айланганди – 4:1. Лига кубоги ёки Чемпионлар Лигаси каби мусобақаларда «Ливерпул» «Этиҳад»да ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан бўлса-да, айнан АПЛ доирасида сафардаги охирги ғалаба саккиз йил олдин, 21 ноябрда (4:1) содир бўлганди. Эсингизда бўлса, бу Юрген Клоппнинг «Ливерпул» бош мураббийи сифатида «Сити»га қарши илк ўйини эди.