Жаҳон | 11:11 / 27.11.2023
4312
3 дақиқада ўқилади

Байден Голодоморнинг 90 йиллиги муносабати билан баёнот берди

Жо Байден Голодоморнинг 90 йиллиги муносабати билан миллионлаб украиналиклар Сталин сиёсати туфайли азоб чекиб, ҳалок бўлганини эслади. Ҳозир ҳам Украина қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси ҳужумга учрамоқда, деди АҚШ президенти.

Фото:REUTERS/Tom Brenner

АҚШ президенти Жо Байден 25 ноябр куни Украинада 90 йил аввал содир бўлган Голодомор қурбонлари хотирасига бағишланган мурожаат билан чиқди. Байденнинг мурожаати Оқ уй сайтида эълон қилинган.

Америка раҳбари 1932-1933 йилларда «Иосиф Сталин ва совет тузумининг ғайриинсоний сиёсати» туфайли сунъий равишда яратилган очарчилик туфайли миллионлаб украиналиклар азият чеккани ва ҳалок бўлганини эслатди. «Сталин ва унинг режими Украинанинг миллий ўзига хослигини бостириш мақсадида мунтазам равишда Украина ғалласи ва фермер хўжаликларини эгаллаб олган ва Украина ғалласини СССРнинг бошқа ҳудудларига жўнатган», - деди Байден. Эндиликда, унинг қайд этишича, Украина қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси яна ҳужум остида.

«Россия кучлари далаларга атайлаб зарар етказиш, Украина дон омборлари ва портларини вайрон қилиш орқали Украина иқтисодиёти ва мустақиллигини йўқ қилишга интилмоқда. Бу нафақат Украинанинг иқтисодий хавфсизлигига ҳужум, балки бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигига тажовуздир», - дея таъкидлади Америка президенти ва яна бир бор Украина бўйича бирдамлигини билдирди.

Украина расмийлари ҳам баёнотлар билан чиқди 

Украина расмийлари ҳам фожиали юбилей муносабати билан баёнотлар берди. Шу тариқа, мамлакат президенти Володимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида украиналикларнинг «овозини ўчириш, йўқ қилиш», кейин эса «ҳақиқатни яшириш ва даҳшатли жиноятларни ўчиришга» уриниш бўлганини, бироқ бунинг ҳеч бири мумкин эмаслигини ёзди. «Ёмонлик тўхтатилмади. Энди биз уни тўхтатяпмиз. Украина омон қолади. Украина йўқолмайди. Украина ўзини ва ҳақиқатни сақлаб қолади», - дея хулоса қилди Зеленский.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба X ижтимоий тармоғида Украина ташаббуси билан БМТда Голодоморнинг 90 йиллигига бағишланган декларация 55 давлат томонидан имзолангани, уни Европа Иттифоқи делегацияси ҳам қўллаб-қувватлаганини ёзди. «Голодомор даҳшатлари ҳозирги ва келажак авлодларга Украинага қарши давом этаётган тажовузкорликнинг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган бундай ваҳшийлик ва очликдан қурол сифатида фойдаланишга уринишлар олдини олиш зарурлигини аниқ эслатиб туриши керак», дея таъкидлади Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. 

Бугунги кунга қадар дунёнинг 30 та давлати ўтган асрнинг 30-йиллари бошларида СССР ҳудудида рўй берган оммавий очарчиликни Украина халқининг геноциди сифатида тан олди. Бу, хусусан, Германия, Буюк Британия, Франция ва АҚШ парламентлари, шунингдек, Европарламент ва Европа кенгаши Парламент ассамблеяси томонидан амалга оширилди. 

Мавзуга оид