АПЛнинг ўтган турида «Арсенал» гранд жамоаларга муаммо туғдирувчи «Брайтон»ни том маънода яксон этганди. «Чайкалар»нинг прессинги ва ҳужумкор комбинациялари иш бермаган, лондонликлар эса деярли ҳар дақиқада яшин тезлигида қарши ҳужумлар уюштираёзганди. «Ливерпул» эса катта устунликка эришганига қарамай «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этолмаганди: мерсисайдликлар xG бўйича камида икки голга ҳақли ўйин кўрсатганди, аммо Клопп жамоасида барибир позицион ҳужумларда муаммо кузатилганди — зарбаларнинг аксар қисми жарима майдони ташқарисидан йўлланганди. Онана бундай зарбаларни қайтарган ва «Энфилд»дан очко олиб қайтишга ёрдам берганди.
Ўйин арафасида Артета ўз амбицияларини кўрсатди: «Биз «Олд Траффорд»да, «Стэмфорд Бриж»да ва аввалги йилларда ўйинимиз ўхшамаган бошқа кўп жойларда ғалаба қозонишни уддаладик. «Ливерпул» — кейинги чақирув. У ерга бориш ва ғалаба қозониш керак. Агар юқорида бўлишни истасангиз, «Энфилд»да доминантлик қилишингиз керак. Биз айнан шунга ҳаракат қиламиз».
«Арсенал» мега-активлик билан бошлади: аввалига Сака Алиссон жарима майдони ҳудудига хавфли узатма берди, кейин Райснинг ҳужумнинг иккинчи темпида йўллаган зарбаси хавфли чиқди. Икки дақиқа ўтиб Габриэл Эдегорнинг жарима нуқтасидан узатмасини голга айлантирди. Бразилиялик ҳимоячи Майкл Жордан услубида барча рақиблардан баланд сакради ва тўпни бош билан дарвоза тўрига жойлади. Арбитрлар аввалига ҳимоячи тўғри ҳолатда бўлганига шубҳа билдиришди, аммо видеотакрордан кейин гол инобатга олинди.
Аммо тезкор гол ҳали ҳеч нарсани англатмасди: «Ливерпул» биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган ўйинларида етти марта жавоб қайтарган — тўрттасида ғалаба ва учтасида дурангга эришилган. 9-дақиқада Ҳаверц меҳмонларнинг устунлигини ошириши ҳам мумкин эди: у ҳимоячиларнинг узатмасини олдиндан ўқиди ва оёғи билан пасни тўсди. Агар тўп керакли даражада сапчиганида бу голли вазиятга айланиши ҳам мумкин эди.
Мавзуга оид
14-дақиқада Салоҳда яхши вазият бўлди, аммо унинг зарбаси Райи қўриқлаётган дарвоза тўрига ташқаридан тегди. Кўп ўтмай «Ливерпул» пеналти тепишга яқин эди: Эдегор жарима майдони ичида тўпни қўл билан тўхтатди, аммо ҳакамлар бу эпизодни эътиборсиз қолдиришди.
29-дақиқада Салоҳ барибир ўз мақсадига эришди: ўз услубида чап қанотда Зинченкодан қочиб кетиб, марказга кўчди ва дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди. Бу ўринда Трентнинг ассистини ҳам эътироф этиш керак — англиялик ҳимоячи ўз жамоаси жарима майдони атрофидан туриб тўпни олдинга етказиб берди. Трент голли узатмаларининг (жами 57 та) энг кўп қисмини — етти ассистни айнан лондонликларга қарши ўйинларда амалга оширган.
Бўлим охирида «Арсенал» жавоб зарбасини бериши мумкин эди: Сака Алиссон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, аммо дарвозабонни алдаб ўта олмади ҳам, у билан контактдан кейин йиқилмади ҳам. Тўп жарима майдонига кириб келган Мартинеллига бориб тушди, аммо бразилиялик форвард аниқ зарба йўллай олмади.
Иккинчи бўлимда мезбонлар фаолроқ бўлишди: аввалига Салоҳнинг зарбаси хавфли чиқди, кейин Жо Гомес рақиб жарима майдонига ёриб кириб, узоқ бурчак томон хавфли зарба йўллади. Гомес майдонга биринчи бўлим ўрталарида тушганди — у Клопп билан тўқнашувда жароҳатланган Цимикасни алмаштирганди.
67-дақиқада эса Луис Диас ҳам майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
72-дақиқада «Арсенал» футболчилари ҳужумда тўп йўқотди ва ўта хавфли қарши ҳужумни ўтказиб юборди. Салоҳ ва жамоадошлари рақибнинг бир вакили қаршисида қолишди.
Мисрлик ҳужумчида пас учун тўрт вариант бор эди, аммо у тўпни Трентга узатди, ҳимоячининг зарбаси эса тўсиндан қайтди.
81-дақиқада ҳакам Ҳаверц жарима майдони ичида Трент билан контактдан кейин йиқилишини эътиборсиз қолдирди. Кейин немис футболчиси бутсасининг ташқи қисми билан тўпга айланма зарба берди, аммо тўп бироз ноаниқ кетди.
«Арсенал» биринчи ўринни сақлаб қолди, «Ливерпул» бир очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда. Бу турда «Шеффилд»га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолган «Астон Вилла» учинчи ўринда.
Еврокубоклар йўлланмаси учун рақобатчига қарши ўйин арафасида жароҳатланган футболчилари бутун бир таркибни ташкил этадиган Эрик тен Ҳаг 19 ёшли Гарначодан ташқари унинг тенгдоши Камбвала (бу унинг асосий жамоадаги дебюти бўлди) ва 18 ёшли Майнуни туширишига тўғри келди. Таркибдаги муаммолар «МЮ»нинг мавсумдаги антирекордини ҳам изоҳлайди: меҳмонлар дастлабки 29 дақиқаликда бирор марта дарвоза томон зарба йўллай олмади. Бундай ҳолатда камдан кам юзага келадиган вазиятларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур эди, Гарначо эса дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Кўп ўтмай аргентиналик вингерда қарши ҳужумда яна шундай вазият юзага келди ва яна бу вазият кўкка совурилди.
Манкунианликлар маълум оралиқларда тўпни назорат қилишди ва ҳужумлар уюштиришди, аммо «Вест Ҳэм»даги жамоавий маҳорат ва тажриба ўз сўзини айтди. 72-дақиқада Лукас Пакета тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди ва Боуэн дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, иккинчи уринишда дарвозани ишғол этди. Кўп ўтмай Майну тажрибасизлик қилди ва марказий ҳудудда берилган оддий пасни эгаллай олмади ва Пакета бу сафар Муҳаммад Қуддусни қулай вазиятга чиқариб юборди.
Дэвид Мойес собиқ жамоасининг байрамини бузди ва статистикачиларга иш топиб берди. Маълум бўлишича, «МЮ» Рождествога қадар 13 ўйинда ютқазиши охирги марта узоқ 1930 йилда кузатилган. Тўрт ўйиндан иборат голсиз серия эса 1992 йилдан бери рўй бермаганди — бу Алекс Фергюсоннинг олтинчи мавсумида эди. «Вест Ҳэм» турнир жадвалида «қизил иблислар», «Брайтон» ва «Нюкасл»ни ортда қолдирган ҳолда олтинчи ўринга кўтарилиб олди.
Ўз майдонида фаворит жамоаларга муаммолар туғдира олаётган «Лутон» «Нюкасл»га қарши ўйинда ҳам ўз ўйинини ўзгартирмади. «Қарғалар» Уилсон дарвоза ҳудудидан туриб бош билан зарба берганида ҳам Каминскини доғда қолдира олишмади. Мезбонлар сафида эса икки тажрибали футболчи гол уюштирди - Баркли узатма берди, Таунсенд тўпни дарвоза тўрига йўналтирди.
Лекин АПЛда икки ярим йиллик танаффусдан кейин илк бор дарвозани ишғол этган вингернинг голи ҳали ҳеч нарсани кафолатламасди. «Шляпадўзлар»нинг охирги меҳмонлари — «Арсенал» ва «Ман Сити» — иродали ғалабаларга эришганди. Аммо улардан фарқли равишда Эдди Ҳау жамоасида вазиятлардан фойдаланишда муаммолар юзага келди. Исак барибир тўпни дарвозага жойлай олганида эса VAR швед ҳужумчисида кичик офсайд қайд этди. Натижада меҳмонлар еттинчи ўринга тушиб кетишди.
Ҳужумдаги самарадорлик «Тоттенҳэм»га биринчи бўлимдаёқ ҳисобни ишончли кўринишга келтириб қўйишни таъминлади. Ришарлисон қанотдан узатилган пасга идеал зарба бериб собиқ жамоадошларини ранжитди, Сон Хин Мин эса Пикфорддан қайтган тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Фақат лондонликлар ҳисобни ушлаш учун ўйнамасдан, яна гол уришда давом этиши маъқулроқ эди, чунки «Эвертон» иккинчи бўлимни жуда кучли ўтказди.
Дастлаб ҳужум бошланишидаги фол туфайли Калверт-Люиннинг голи бекор қилинди. Кейинроқ Викариога рақиб зарбаларини қайтаришда ҳимоячилар ва устун ёрдам берди. Фақат бир неча ойдан буён жароҳат туфайли ўйнай олмаган Андре Гомешнинг зарбаси аниқ чиқди, у биринчи бўлимда жароҳатланган Гейенинг ўрнига туширилганди. Иккинчи бўлимда туширилган Данжума эса Ришарлисондан фарқли ўлароқ собиқ жамоаси дарвозасига гол ура олмади, «Тоттенҳэм»нинг асосий таркибидан жой ололмаган ушбу ҳужумчи икки бор қулай вазиятни йўққа чиқарди, қўшимча дақиқаларда эса унинг зарбаси тўсиндан дарвоза ичига кираётганида дарвозабоннинг тиззасидан қайтди, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтишига бир неча сантиметр етмади. Натижада, «шпорлар» «Манчестер Сити»ни кучли тўртликдан сиқиб чиқарди.
«Фрозиноне» ҳафта ўртасида Италия Кубогида «Наполи»ни сафарда йирик ҳисобда мағлуб этиб (4:0) шов-шув кўтарганди. Аммо ўша ўйин нафақат катта куч ва ҳиссиётларни олиб қўйган, балки рақиб «Ювентус» ҳам ўйинга жиддий ёндашишига сабаб бўлганди. Бянконерилар майдонга диққатни жамлаган ва иштиёқманд ҳолатда чиқиб келишди, кучли прессинг мезбонлар дарвозабонини довдиратиб қўйди ва Кенан Йилдиз «Кекса синиоралар»нинг А серияда гол урган энг ёш футболчисига айланди (18 ёшу 233 кунлигида).
Одатда Массимилиано Аллегри учун минимал устунлик етарли бўлади, аммо шанба кунги ўйинда туринликлар биринчи бўлимдаёқ жароҳат туфайли Алекса Сандрони йўқотишди, иккинчи бўлим бошида эса айнан бразилиялик футболчи масъул бўлган ҳудуддан уюштирилган ҳужумда гол ўтказиб юборди. Натижада мураббий учталик алмаштириш қилиб, жамоани тўлиқ куч билан ҳужумга юборди, дастлаб Маккеннининг зарбаси дарвоза устунига тегди, кўп ўтмай америкалик футболчининг узатмаси Влаҳовичнинг «иккинчи қават» ғалаба голини уришига олиб келди. «Юве» «Интер»ни олдинга қўйиб юбормоқчи эмас.
«Интер» бу ўйин олдидан ноодатий ҳолатга тушиб қолди, Италия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлиб турган Лаутаро Мартинес жароҳат туфайли заявкадан ўрин олмади. Бундай ҳолат 2022 йил апрелидан буён кузатилмаганди ва ўтган вақт ичида аргентиналик ҳужумчи узлуксиз 89 ўйинда майдонга тушди. Табиийки, бундай вазиятда Тюрамнинг очилмаган қирралари ёки Арнаутовичнинг маҳоратидан умид қилинарди, аммо форвардларнинг иши юришмай турганида ҳимоячи Биссек ташаббусни ўзига олди. Данияда уч мавсум ўйнаган 194 сантиметрлик гигант аввалига тўсинни кўзлади, кейин эса Хоқон Чалхонўғлининг бурчакдан узатган тўпини дарвозага жойлади.
Фақат Симоне Индзаги жамоаси муваффақиятни тезда ривожлантира олмади ва жамоа мухлислари иккинчи бўлимни хавотир билан кузатишига тўғри келди. «Лечче» иккинчи бўлимда фаолроқ ўйнади ва арбитр мезбонлар дарвозасига пеналти қўйди. Ҳакам Карлос Аугусто тўпни қўли билан тўхтатган деб топганди, аммо VAR хатони тўғрилади ва пеналти бекор қилинди. Ўйин охирларига бориб Арнаутовичнинг товонда йўллаган доҳиёна пасидан кейин Барелла интригага барҳам берди. «Ювентус» билан орадаги фарқ ҳамон тўрт очкони ташкил этмоқда.
Турнинг марказий ўйини биринчи бўлими «Рома» сценарийси бўйича кечди. Лекин гол рўй бермади. Ҳужумлардан бирида Бове дарвозабон ҳудудидан зарба бериш имкониятига эга бўлди, аммо Мерет қаҳрамонлик кўрсатди. «Наполи» ўйини эса кўпинча римликларнинг фоллари ҳисобига ривожланди ва асосан Кварацхелияга нисбатн қўполликлар ишлатилди. Бу эса икки бош мураббий ўртасида тортишув юзага келтирди ва уларга сариқ карточка кўрсатилди.
Танаффусдан кейин эса «Наполи» пароканда бўла бошлади. Аввалига Лоботка узатма бериш вақтида йўқ жойдан жароҳат олди. Кейин эса Политанонинг асаби дош беролмади, у Залевскининг фолидан кейин жафокорини тепишдан ўзини тўхтата олмади. Ҳакам эса мезбонлар вакилига огоҳлантириш бериш билан чекланиб, жанубликлар етакчиларидан бирини майдондан ҳайдади.
Португалиялик мутахассиснинг методлари иш берди ва сон жиҳатдан устунлик барчасини ҳал қилди. Амалдаги чемпионлар очиқчасига ожиз қолди ва бу мавсумни олдингиларига қараганда камтарроқ ўтказаётган Пеллегрини ғалаба голини урди. Унинг жойида ўгирилиб йиқилаётган ҳолда йўллаган ноодатий зарбаси турнинг энг чиройли голига айланди. «Наполи» эса ҳеч нарса билан жавоб қайтара олмади, шу кунларда шартномасини янгилаган Осимҳен эса иккинчи сариқ карточкасини олиб, муддатидан олдин кийим алмаштириш хонасига йўл олди. У гол урмаган ўйинда жанубликлар еврокубокларга йўлланма берувчи олтинчи ўриндан ҳам тушиб кетди ва ўрнини «Рома»га бўшатиб берди.
Испания: «Атлетико»да четлатишлар бўйича норма бажарилди
Бошқа жамоалар ҳафта ўртасидаги ўйинлардан кейин («Реал» «Алавес» 1:0, «Барселона» «Алмерия»ни 2:1 ҳисобларида мағлуб этди, «Жирона» «Бетис» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади), рождество таътилларига йўл олган бўлса, «Атлетико» ва «Севиля» ноқулай об-ҳаво туфайли ўз вақтида ўтказилмаган ўйинни ўтказиб қўйишига тўғри келди. Эндиликда турнир жадвалидаги барча жамоаларда ўйинлар сони тенглашди, мадридликлар эса қўшимча кўрсаткичлар эвазига «Барселона»ни ортда қолдириб, учинчи ўринга кўтарилди. Лекин Диего Симеоне жамоаси сўнгги турларда депсиниб қолганди. Аввалига Билбаода мағлубиятга учралди (0:2), кейин эса «Хетафе» билан ўйинда икки гол устунлиги бой берилди (3:3).
Шанба куни ҳам «матрасчилар» ўйинни озчилик бўлиб якунлашига тўғри келди, иккинчи бўлимда мудофаани кучайтириш учун туширилган Чағлар Суюнчи тўрт дақиқа ўтиб VAR орқали майдондан четлатилди. Бу қизил карточка — мадридликлар учун жорий йил бошидан буён саккизинчиси бўлди ва бу борада 2022 йилдаги каби «барқарорлик» қайд этилди. Ўтган турда сентябрдан буён илк ғалабасига эришган «Севиля» эса ҳали ўзига кела олмаётгани аён бўлди. Йигирма дақиқадан ортиқроқ вақт давомида бир киши кўп бўлиб ўйнаганига қарамай андалусияликлар ҳеч нарса қила олмади ва гол уришдан кўра гол ўтказиб юборишга яқинроқ бўлди.
Кун статистикаси
«Вест Ҳэм» яримҳимоячиси Боуэн Англия чемпионатида ўйиндан 11 гол урди ва бу борада мавсум етакчиси Ҳоланд билан тенглашиб олди.
«Арсенал» ҳимоячиси Габриэл Магалянс Англия чемпионатида урган голлари сонини 11 тага етказди. У ўз дебютини бошлаганидан буён марказий ҳимоячилардан ҳеч бири бу қадар самарадорлик кўрсата олмаган.
А серияда 25 ўйинда камида биттадан гол урилиши — «Интер» учун бир бош мураббий бошқарувида қайд этган рекорди.
Жорий йил бошидан буён «Рома» ўйинларнинг сўнгги ўн беш дақиқалигида 26 марта рақиблар дарвозасини ишғол этди. Римликлар етти йил олдинги рекордини такрорлади.
«Ливерпул» ҳимоячиси Александр-Арнолд АПЛдаги голли узатмалари сонини 57 тага етказди ва жамоадоши Робертсон билан биргаликда лигадаги энг юқори кўрсаткични қайд этиб турибди.