3 ноябр оқшомида ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичи 4-тури доирасида 9 та учрашув бўлиб ўтди. «ПСЖ» қаторасига 4 ўйинда ҳам ғалаба қозониб, турнир жадвалини бошқармоқда, «Барселона» «Астон Вилла»га қарши қийин кечиши кутилган ўйинда йирик ғалабага эришди, «Бавария» қаторасига икки дурангдан кейин Мадридда ғалаба қозониб, кучли саккизликка кириб олди.

Эмери иложсиз қолди

«Барселона» – «Астон Вилла» 3:0
Голлар: Ямал, 7 (1:0). Рафиня, 52 (2:0). Рафиня, 64 (3:0)
«Барселона»: Гарсия, Кубарси, Мартин, Канселу, Фариняс (Балде, 82), Педри (Гави, 70), Родри (Бернал, 46), Фермин Лопес (де Йонг, 70), Гордон, Ямал, Рафиня (Габриэл Жезус, 70)
«Астон Вилла»: Судзуки, Линделёф, Пау Торрес, Матсен, Кэш, Камара, Гомес (Баркли, 62), Манзамби (Горецка, 62), Буэндия (Мбай, 62), Макгинн (Абраҳам, 77), Жексон (Алиссон, 77)
Огоҳлантиришлар: Рафиня, 45 – Матсен, 11. Буэндия, 31. Жексон, 45

«Барселона» бу мавсумда нисбатан камтарона рақибларни осонлик билан тор-мор этиб келмоқда ва истаганича гол урмоқда. Шу билан бирга, топ рақибларга қарши ўйинларда қийналмоқда: каталонияликлар бир ҳафта ичида «ПСЖ» ва «Реал»га мағлуб бўлди. Унаи Эмери бошқарувидаги «Астон Вилла» ҳам рақобатбардош жамоа эди. Аммо «Барса» инглизларга қарши ўйинда қийинчиликка учрамади.

Ўйинда кўп нарса «Вилла» ҳимоясидаги қўпол хатодан кейин ҳал бўлди. Ўйиннинг еттинчи дақиқасидаёқ ҳимоядан чиқишда Гомес эҳтиётсизлик билан ён томонга пас берди ва тўпга эга чиққан Ямал олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Бу билан у ЕЧЛда 20 ёшгача урилган голлар сони бўйича Мбаппени ортда қолдирди (13 га қарши 14). Умуман, 19 ёшли вингер бу мавсумни ўта юқори нотада ўтказмоқда: у «Барселона» ва миллий жамоа сафида 18 ўйинда гол+пас бўйича аллақачон 17+12 кўрсаткичини қайд этмоқда. Шундан ЕЧЛда тўрт ўйинда уч гол урди ва тўрт голга узатма берди.

«Астон Вилла» ҳимоячилари эса «Барселона»нинг юқори прессингидан сабоқ чиқаришмади. Меҳмонлар ҳимоядан чиқишда ердан ўйнашда давом этишди ва 26-дақиқада иккинчи гол ўтказилиши мумкин эди.

Бу сафар дарвозабон Судзуки рақибнинг уч футболчиси қуршовида қолиб кетди ва тўпни узоқлаштира олмади.