Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Владислав Даванков «Новые люди»дан РФ президентлигига номзод сифатида кўрсатилди
Бирлашишга қарор қилган «Новые люди» ва Ўсиш партияси Давлат думаси спикери ўринбосари тимсолида ягона номзод кўрсатди. 2024 йилги президентлик сайловларида овоз бериш уч кун давомида бўлиб ўтади.
«Новые люди» партиясининг 24 декабр, якшанба куни бўлиб ўтган қурултойида РФ Давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков Россия президентлигига номзод сифатида кўрсатилди. Овоз беришда 69 делегат иштирок этди ва 39 ёшли сиёсатчининг номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Худди шу қурултойда «Новые люди» ва Ўсиш партияси бирлашишга қарор қилди. Тегишли ҳужжатни иккала сиёсий куч етакчилари – «Новые люди» партиясидан Алексей Нечаев ва Ўсиш партиясидан Борис Титов имзолади. «Замонамизнинг барча соғлом кучлари бирлашиши керак», деб тушунтирди Нечаев. Шу билан бирга, президентлик сайловларида ҳар икки партия ягона номзод кўрсатаётгани маълум қилинди.
Россия президенти сайловларида бошқа номзодлар
Россияда президентлик сайловлари 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Ҳозирги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам номзод сифатида қатнашмоқда. Россия Либерал-демократик партиясидан унинг раҳбари Леонид Слуцкий, РФКПдан - Николай Харитонов, «Фуқаролик ташаббуси»дан - Москва вилоятидан депутат Борис Надеждин олий лавозимга номзод сифатида кўрсатилган.
«Россия умумхалқ иттифоқи» консерватив партияси бўлажак сайловларга ўз раиси Сергей Бабурин номзодини кўрсатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Донецкдаги россияпараст айирмачиларнинг собиқ ҳарбий раҳбари, тергов изоляторида сақланаётган Игор Стрелков (Гиркин) сайловларда иштирок этиш истагини билдирган.
Ноябр ойи ўрталарида ржевлик журналист Екатерина Дунцова Россия президентлигига номзодини қўйиш нияти борлигини маълум қилди. Красноярсклик аёл урушни тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод этиш тарафдори. Бироқ Марказий сайлов комиссияси унга имзо тўплашга рухсат бермади ва буни ҳужжатларида аниқланган хатолар билан изоҳлади.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025