Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда бир йил ичида хизматдан қочиш бўйича 5000 дан ортиқ иш судга топширилди
«Медиазона» томонидан тўпланган маълумотларга кўра, 29 декабр ҳолатига Россия ҳарбий судлари 2023 йилда ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этиш бўйича 5024 та иш қабул қилган. Бу - тарихий рекорд.
Ўтган йил давомида Россия ҳарбий судлари ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этиш бўйича 5024 та иш олди (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 337-моддаси). Бу маълумотлар «Медиазона» томонидан 29 декабр, жума ҳолатига кўра тўпланган. «Хизматдан қочиш ҳолатлари сони мутлақ тарихий рекордга айланди», деб таъкидлайди нашр. «Медиазона» ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Россия Украинага кирганида атиги 1001 иш кўриб чиқилган, ундан бир йил аввал - 615 иш бўлган.
Дезертирлик тўғрисидаги янада қатъийроқ моддага (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 338-моддаси) кўра, 2023 йилда судларга 148 та иш юборилган, бу бир йил аввалгидан олти баробар кўпдир, деб ёзади «Медиазона».
Нашр томонидан тақдим этилган жадвалга кўра, 2023 йил охирига келиб, ҳарбий судлар «барқарор суръат»га эришди - ойига ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этиш бўйича 500 та ҳукм, яъни ҳафтасига юздан ортиқ қарор чиқарилди. «Медиазона» таъкидлашича, унинг таҳлилида «ҳарбийлар фронтга қайта юборилиши бўйича» шартли ҳукмларнинг катта қисми аниқланди.
Дезертирликка рози бўлганлар сони ҳам ортди
Охирги ойларда Украинада жанг қилаётган россиялик аскарлардан дезертирликни ташкил этиш хизматларига мурожаат қилиш сони ортган. Шу тариқа, агар 2023 йилнинг ёзида урушда қатнашмасликка ёрдам берадиган «Идите лесом» ташкилотига 305 та шундай сўров тушган бўлса, куз ойларида уларнинг сони 577 тага етди, деб ёзади The Moscow Times газетаси 5 декабр куни.
2023 йил апрел ойидан бери «Идите лесом» юристлари ва кўнгиллилари армиядан қочишга уринган 1000 дан ортиқ ҳарбий хизматчиларга маслаҳат берди; энг кўп қочишга уринишлар октябр ойида (218 та ҳолат), энг ками июн ойида (54 та ҳолат) қайд этилган. Ташкилот раҳбари Григорий Свердлин сўзларига кўра, ҳарбий хизматчиларнинг кўпчилиги яраланганидан кейин дезертир бўлишга қарор қилган.
Урушдан қочишда қўлга тушиш эҳтимоли юқори
«Гражданин. Армия. Право» ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи директори Сергей Кривенконинг айтишича, қўлга тушиш эҳтимоли жуда юқори бўлганлиги учун жуда кам одам жанговар ҳаракатлар зонасидан қочишга қарор қилади. «Ҳарбий патруллар ҳудуд бўйлаб юриб, қочқинларни ушлайди. Қочқинлар, одатда, дала гауптвахтасига, кейин - яна фронтга жўнатилади. Иш кўпинча судгача етиб бормайди», - дея тушунтирди у.
Кривенко, шунингдек, «Идите лесом»нинг дезертирлик ҳолатлари кўпайганлиги ҳақидаги маълумотларини тасдиқлади ва буни сафарбарлик бошланганидан бери ўтган йил давомида аскарларда маълум хизмат муддатидан кейин уйга қайтиш бўйича хом хаёллари йўқолгани билан изоҳлади.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025