Жаҳон | 12:05 / 05.01.2024
9622
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб бермоқчи

Қўшма Штатлар Россиянинг Эрондан қисқа масофали ракеталарни сотиб олиш бўйича музокаралари олға силжиётганидан хавотирда, деди америкалик амалдорлардан бири The Wall Street Journal нашрига.

Фото: Picture alliance/Anadolu

Россия Эрондан қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарни сотиб олишни режалаштирмоқда, бу Москванинг Украина инфратузилмасига янада зарар етказиш имкониятларини кенгайтиради, деб ёзади 4 январ, пайшанба куни Американинг Тҳе The Wall Street Journal газетаси АҚШ маъмуриятидаги ўз манбаларига таяниб. Нашр ёзишича, ракеталар баҳордаёқ етказилиши мумкин. «Қўшма Штатлар Эрондан қисқа масофали ракеталарни сотиб олиш бўйича Россия музокаралари олдинга силжишидан хавотирда», деди расмийлардан бири WSJ'га. Бундан ташқари, «сўнгги ҳафталарда Москва Шимолий Кореядан баллистик ракеталарни қабул қила бошлади», деб ёзади нашр.

Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик давом этмоқда

WSJ маълумотларига кўра, Россиянинг Теҳрон билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш нияти ўтган йилнинг декабр ойида Россия делегацияси қурол-яроғ билан танишиш учун Эрон полигонига ташриф буюрганида яққол намоён бўлди. Аввалроқ ОАВ Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ҳақида, хусусан, Эрон Кремлга Shahed-136 камикадзе-дронлари етказиб бераётгани ҳақида ёзган эди. Москва ва Теҳрон бу маълумотни рад этди.

Шу тариқа, Эрон Россияга «ер-ер» ракеталари ҳамда қўшимча дронлар партиясини етказишга ваъда берди, деб хабар қилган Reuters 2022 йил 18 октябрда икки Эрон расмийси ва икки Эрон дипломатига таяниб. Россия томони «айниқса Fateh ва Zolfaghar тоифасидаги кўпроқ учувчисиз учоқлар ва Эрон баллистик ракеталарини сўраган», деди дипломатлардан бири.

Вазиятдан хабардор ғарб расмийси Теҳрон ва Москва ўртасида 300-700 км масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир қисқа масофали «ер-ер» баллистик ракеталарини етказиб бериш бўйича келишув борлигини тасдиқлади.

АҚШ Эронга нисбатан риторикани кучайтирмоқда

АҚШ Яманнинг ҳусийчилар гуруҳи - «Ансор Аллоҳ» томонидан Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумлар уюштирилгани муносабати билан Эронга нисбатан ўз позициясини кучайтирди. «Биз биламизки, Қизил денгиздаги савдо кемаларига қарши операцияларни режалаштиришда Эроннинг роли катта бўлган», дея маълум қилди декабр ойи охирида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон АҚШ разведка маълумотларига таяниб.

Уотсоннинг таъкидлашича, Теҳрон ҳусийчиларга дронлар, ракеталар ҳамда ушбу ҳужумларни режалаштириш ва амалга ошириш учун муҳим разведка маълумотларини, жумладан Эроннинг денгиз кузатув тизимидан олинган ахборотни тақдим этган. Визуал таҳлил шуни кўрсатадики, ҳусийчилар томонидан учирилган ракеталар ва дронлар Эроннинг ўзида ишлатилганидан фарқ қилмайди.

Мавзуга оид