Ўзбекистон | 10:00 / 14.01.2024
14645
4 дақиқада ўқилади

Тандирда куйган ижара пули, шеъри учун халқ душманига чиқарилганлар – «Талаба кундалиги»

Ўғридан яшираман деб пулларини тандирда ёқиб юборган, талабалар чиқиши мумкин бўлмаган лифтга чиққан ва шеър жўнатгани учун халқ душманига чиқарилган талабаларнинг ҳикоялари билан “Талаба кундалиги”нинг бугунги сонида танишамиз.

Фото: Kun.uz

1-ҳикоя: Тандирга яширилган ижара пули

Жиззах шаҳридаги педагогика институтида ўқиганман. 8 киши ижара ҳовлида бирга турардик. Орада курсдошларимизни чақириб, бирга дарс тайёрлардик, бирга вақт ўтказардик. Шу орада тез-тез пул йўқоладиган бўлиб қолди. Келиб кетувчилар кўп, кимдан гумон қилишни билмасдик. Шундан кейин ўзимизча ечим топмоқчи бўлдик. Ижара пулини йиғдик-да, то уй эгаси келгунча тандирда яшириб қўйишни лозим топдик. Эрталаб дарсга кетишдан олдин тандирдаги кул тагига пулни тиқдик, устига хазонлардан сепган бўлдик. Буни фақат мен ва яқин ўртоғим биларди. Тасодифни қарангки, ўша куни бошқа бир хонадошимиз дарсдан вақтли келиб, хазонларни супуриб, ҳовлини тозалаб қўймоқчи бўлибди. Чиққан хазонларни ҳовлидаги тандирга солиб ёқиб юборибди.

Дарс тугаб уйга қайтдик. Ҳовлига киришимиз билан димоғимизга урилган куйган хазон ҳидини сезиб, тандир ёнига югурдик. Не кўз билан кўрайликки, тандир ёниб ётибди. Бир амаллаб оловни ўчириб, кулни ковладик. Пулларимиз 70-80 фоизи куйиб кетган экан.

2-ҳикоя: Лифт фақат ўқитувчилар учун

Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 2015–2019-йилларда таҳсил олганман. Институтимиздаги бир неча бинолар 6 қаватли бўлгани учун лифти ҳам бор эди. Ва ундан фақат профессор-ўқитувчилар ва ходимлар фойдалана оларди. Энг қизиғи, лифт ёнида кирган чиққани назорат қилиб турадиган навбатчи ҳам бўларди. Бир куни курсдошим билан "Г" бинодаги лифтга чиқдик. Биз билан бир кафедра мудири ҳам чиқиб қолди. Эшиклар ёпилгач, устоз бизга қараб, "Касалмисизлар?" деди. Ҳайрон қолиб қарасак, "Ёки ногиронмисизлар?" деди. "Нимага унақа деяпсиз?" десак, "Лифт ахир ўқитувчилар учун-ку! Сизлар соғ бўлсангизлар, зинадан чиқишларинг керак-ку!" деди. Эшитиб, роса жаҳлимиз чиқди, бироқ сессияда бизни қийнамасин деб ҳеч нарса деёлмадик.

3-ҳикоя: Шеър учун халқ душманига айланган талаба

1-босқичдамиз, талабалик ҳаётидан завқланиб, учиб юрган пайтларимиз эди. У пайтда Одноклассники деган ижтимоий тармоқ машҳур эди. Унда талабалар гуруҳимиз ҳам бор эди. Гуруҳга талабалик ҳаётига оид ҳар хил воқеалар, ҳазиллар жўнатиб туришарди. Худди ҳозирги Теlegram’даги каби. Бир кун мен ҳам талабалик ҳақидаги қизиқ бир шеърни олдим-да, институтнинг талабалар гуруҳига жўнатдим. Кейин билсам, гуруҳни институтнинг "маънавият полиция"си кузатар экан. Ўша бириктирилган одам ҳамма гапларни йиғиб, деканга маълумот бериб тураркан. Бир кун мени ҳам декан чақириб қолиб, салкам халқ душманига чиқариб, ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилди. Сабабини талабалар гуруҳига жўнатган шеърим экан. Яъни қанақадир ташқи душманлар мен жўнатган шеърни ўқиса, ўзбекистонлик талабаларнинг аҳволи шу экан, улар оч, нонга зор яшар экан деган фикрга келиб, бизнинг порлоқ келажагимизга шубҳа қилар экан. Шеърда эса бундай тўкин, ҳур замон учун бу туҳмат, исён қилинган экан. Хуллас, шу воқеа орқасидан ота-онамни ҳам университетга чақиртиришган.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

П.С: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uzʼнинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

Мавзуга оид